Ўзбекистон ва Олтой ўлкаси узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга интилмоқда
Декабрь 18, 2025. 12:41 • 2 дақ
• 117
БАРНАУЛ, 19 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консули Аслам Акбаров Россиянинг Олтой ўлкаси губернатори Виктор Томенко билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Олтой ўлкасининг 2025 йилдаги ҳамкорлиги якунлари сарҳисоб этилиб, келгуси йилга мўлжалланган ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Виктор Томенко Олтой ўлкаси Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликка алоҳида аҳамият беришини таъкидлади.
“Ўзбекистон минтақамизнинг асосий хорижий савдо шериклари орасида етакчилардан бири ҳисобланади. 2025 йилнинг тўққиз ойида товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга ошди”, – деди Олтой ўлкаси раҳбари.
Губернатор иқтисодий ҳамкорлик йўналишларига урғу бериб, Олтой ўлкаси Ўзбекистонга ёғоч материаллари, вагонлар, шиналар, рух концентратлари, фармацевтика маҳсулотлари ва ускуналар экспорт қилишини таъкидлади.
Ўз навбатида, мамлакатимиздан Олтой ўлкасига мева-сабзавот маҳсулотлари, тўқимачилик, кимёвий бирикмалар ва металл прокати етказиб берилмоқда.
Кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ташкил этилаётган бизнес миссиялари ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришнинг муҳим воситасига айланмоқда.
“Ўзбекистон бозорига саноат маҳсулотларидан қозонхона ускуналари, вагонлар, арматура етказиб берилади. Биз етказиб беришни кўпайтириш, жумладан, геология-қидирув ва уран қазиб олиш салоҳиятини ўрганяпмиз”, – дея қўшимча қилди губернатор.
Ўзбекистон бош консули Ўзбекистон томони қишлоқ хўжалигидан ташқари кимё-технология ва тўқимачилик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шу билан бирга, икки томонлама алоқаларни ривожлантириш учун ноёб платформа – икки мамлакат Президентлари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг салоҳиятини алоҳида эътироф этди.
Ҳудудлараро даражадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2026 йилнинг февраль–март ойларида Сирдарё вилояти ишбилармон доиралари вакилларининг Олтой ўлкасига ташрифини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Туркия транспорт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди