Саудиялик шифокорлар Тошкент ва Наманган шаҳарларида юрак, суяк ва кўз жарроҳлик операцияларини амалга ошириши муҳокама қилинди
Ноябрь 29, 2023. 14:42 • 2 дақ
• 235
АР-РИЁЗ, 30 ноябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихона кўмагида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти ва Бутунжаҳон ислом олами уюшмаси масъул ходимлари ўртасида видеоконференция шаклида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Онлайн учрашувда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Фарҳод Тошпўлатов, мамлакатимиз элчихонаси ходимлари, Саудия томонидан Бутунжаҳон ислом олами уюшмаси бош котибининг ёрдам ва ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ийман Фалембан иштирок этди.
Мулоқот чоғида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамда Оролбўйи минтақаси аҳоли пунктларига Саудия Арабистонининг гуманитар ва молиявий-техник ёрдамини жалб этиш, Тошкент ва Наманган шаҳарларида беғараз юрак жарроҳлик операцияларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ийман Фалембан икки қардош мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланаётганини ва турли даражадаги ўзаро ташрифлар сони ортиб бораётганини юқори баҳолади.
-Бутунжаҳон ислом уюшмаси Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва жадал ривожлантиришдан манфаатдор, - деди у. - Жумладан, Ўзбекистонда беғараз юрак, суяк ва кўз жарроҳлик операцияларини амалга оширишга тайёрмиз.
Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Фарҳод Тошпўлатов ўз навбатида, Уюшманинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва янада ривожлантиришга бўлган истаги учун миннатдорлик билдирди. У биринчи босқичда Тошкент ва Наманган шаҳарларида 100 дан зиёд муҳтож беморларга юрак жарроҳлик операцияларини ўтказиш режалаштирилганини маълум қилди.
Мулоқот давомида, шунингдек, саудиялик шифокорларнинг Ўзбекистонга ишчи ташрифини ташкил этиш, юрак жарроҳлиги амалиётларини бажариш муддатлари, беморларнинг ёш тоифасини белгилаш ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси