SIUT Жанубий Кореянинг ихтисослашган ташкилотлари ва университетлари билан ҳамкорликни фаоллаштирмоқда

Июль 17, 2024. 17:27 • 3 дақ

• 392
SIUT Жанубий Кореянинг ихтисослашган ташкилотлари ва университетлари билан ҳамкорликни фаоллаштирмоқда

СЕУЛ, 17 июль. /"Дунё" АА/. Жанубий Кореянинг Похан шаҳридаги Хандонг глобал университетида CGE (Consortium for Global Education – Глобал таълим консорциуми)га аъзо университетларнинг учинчи йиллик халқаро конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуманда CGEга аъзо дунёнинг 30 дан ортиқ университетларининг президентлари ва ректорлари, шу жумладан Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ректори, профессор Юсуф Абдуллаев бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, SIUT Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари университетлари орасида ушбу консорциумнинг ягона тўлиқ аъзоси ҳисобланади. Бу йил халқаро конференция таълимнинг глобаллашувини янги босқичга олиб чиқиш мавзусига бағишланди.

SIUT делегациясининг ташрифи университет ва Корея Республикаси олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг кенгайгани билан ҳам ажралиб турди.

Хандон глобал университети президенти, профессор Чой До Сунг билан музокаралар чоғида университетлар ўртасида академик ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, илмий маърузалар, симпозиумлар, конференциялар ташкил этиш, академик маълумотлар ва материаллар алмашинуви, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ва бошқалар бўйича бир қатор келишувларга эришилди. Музокаралар якунида томонлар ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, Кимчхон (Gimcheon High School) ўрта мактаби раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Университет делегацияси хорижлик талабалар учун яратилган мактабдаги таълим жараёни, шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишди. SIUT ва Кимчхон ўрта мактаби ҳамкорлигида амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳа низомига кўра, сараланган болалар лицейдан тўлиқ стипендия олади, жумладан, Корея Республикасида йўл харажатлари, ўқиш ва турар жой таъминланади.

Бундан ташқари, Хангук хорижий тиллар университети президенти, профессор Пак Жонг Вон билан учрашув ўтказилди. Музокаралар давомида олий ўқув юртлари ўртасида мавжуд ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришни назарда тутувчи ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ҳужжат SIUT талабаларининг иккинчи курсдан кейин Хангук чет тиллар университетида ўқишни давом эттиришни назарда тутувчи "2+2" тизимини жорий этиш, талабалар ва ўқитувчиларнинг академик алоқаларини қўллаб-қувватлаш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқаларни назарда тутади.

Ташриф доирасида SIUT делегацияси Соннам саноат мажмуаси корпорацияси маъмурий бошқармаси раиси Михаил Сунг, Инновацион хизматлар маркази директори Ким Се Жонг ва "IEG Co., ltd" компанияси президенти Ким Чанг Гил билан учрашув ўтказди.

Томонлар университет ва корпорация ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумида қайд этилган асосий вазифаларни амалга ошириш, SIUT талабаларининг Соннам саноат мажмуаси корпорацияси корхоналарида амалий машғулот ва амалиёт ўташларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Каннын шаҳрида SIUT делегацияси Квандонг университети раҳбарияти билан музокара ўтказди. Мулоқот давомида Квандонг университети президенти, профессор Ким Ён Сунг ва SIUT ректори, профессор Юсуф Абдуллаев ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Меморандумда академик ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, икки университет ўртасида талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини таъминлаш, илмий тадқиқотларда ҳамкорлик қилиш, кооператив тадбирларни ўтказиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, илмий маърузалар, малака ошириш курслари, шунингдек, талабаларнинг амалий машғулот ва амалиёт ўташларини ташкил этиш каби вазифалар қайд этилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш