Бугун Тошкентда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида Икки томонлама инвестиция шартномаси имзоланди
Сентябрь 27, 2024. 19:29 • 2 дақ
• 512
ТОШКEНТ, 27 сентябрь. /"Дунё" АА/. Бугун Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форуми доирасида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Ҳиндистон молия вазири Нирмала Ситҳараман Икки томонлама инвестиция шартномасини имзолади, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу ҳужжат халқаро амалиёт доирасида ўзбекистонлик инвесторларнинг Ҳиндистонда ва ҳиндистонлик инвесторларнинг Ўзбекистонда муносиб ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Шартнома сармоявий фаолият учун қулайлик даражасини оширади, инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлайди, ўзаро ҳурматни юксалтиради, юзага келиши мумкин бўлган турли низоларни арбитраж орқали ҳал қилиш имкониятини назарда тутган. Ҳужжат, шунингдек, инвестицияларни экспроприация қилинишининг олдини олади, шаффофлик, маблағларнинг ўзаро ҳаракати ва йўқотишларни қоплаш механизмларини таъминлайди.
Икки томонлама инвестиция шартномасининг имзоланиши Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янада хавфсиз ва барқарор инвестиция муҳитини яратиш бўйича умумий мажбуриятларини ифода этди.
Бугун имзоланган ҳужжат ўзаро сармоялар ҳажмини ошириш имкониятларини кенгайтириши, икки давлат иқтисодиёти ва тадбиркорлик ҳаракатига фойда келтириши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси