Logo

Сирдарё вилояти делегациясининг Корея Республикасига амалга оширган хизмат сафари ўз якунига етди

Декабрь 26, 2023. 17:30 • 2 дақ

213
Сирдарё вилояти делегациясининг Корея Республикасига амалга оширган хизмат сафари ўз якунига етди

СЕУЛ, 26 декабрь. /"Дунё" АА/. Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Баҳодир Ботиров бошчилигидаги делегациянинг Корея Республикасига амалга оширган хизмат сафари самарали якунланди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида Пёнтек, Квансангу ва Нажу шаҳарлари мэрлари, "Корея–Ўзбекистон бизнес ассоциацияси", "Hangyong", "DHMT Global", "Evervolution" компаниялари, Чунгнам-Марказий Осиё минтақавий инновацион истеъдодларни ривожлантириш маркази ва Жанубий Корея малака ошириш илмий-тадқиқот институти ҳамда "Сонмун" ва "Кванджу" университетлари раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди ва тегишли ҳужжатлар имзоланди.

Жумладан, Пёнтек шаҳри мэри Жонг Жанг Сон билан бўлиб ўтган учрашувда умумий қиймати 75 минг АҚШ долларига тенг 84 та замонавий компьютер жамланмаси ҳамда 24 та принтер қурилмаси Сирдарё вилоятининг 12 та мактабига топширилгани муносабати билан Сирдарё вилояти ҳокими Aкмалжон Махмудалиевнинг алоҳида миннатдорлик хати топширилди.

Ўз навбатида, Квансангу шаҳри мэри Пак Бюнг Кю ушбу шаҳарда 2800 дан зиёд Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилиши, уларнинг аксарияти саноат, таълим, қишлоқ хўжалиги ва хизмат соҳаларида фаолият олиб боришини таъкидлаб ўтди.

Томонлар Гулистон тумани ва Квансангу шаҳри ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда 2024 йилда амалга оширилиши мумкин бўлган тадбирлар режасини тузиш, жумладан, Пак Бюнг Кюнинг Сирдарё вилоятига ташрифини амалга ошириш каби келишувларга эришдилар.

Нажу шаҳри мэри Юн Бюнг Тэ билан суҳбат давомида шаҳар 2000 йиллик тарихга эгалиги ва ҳозирги кунга қадар деҳқончиликда ўз ўрнига эга эканлиги, жумладан, махсус ноклари дунё бўйлаб экспорт қилиниши таъкидланди.

Шу билан бирга Жанубий Корея томони маълумотига кўра, мазкур шаҳарда йилдан йилга мавсумий ишчиларга бўлган талаб ошиб бормоқда. Жумладан, 2023 йил 400 га яқин мавсумий ишчилар жалб қилинган бўлса, 2025 йилга бориб 700 га яқин ишчиларга эҳтиёж сезилиши кутилмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, 2025 йилда Сирдарё вилоятидан ҳам мавсумий ишчиларни Нажу шаҳрига жалб қилиш бўйича ўрганишлар олиб борилиши ва тегишли вазирликлар орқали ҳамкорлик ўрнатиш масалалари келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш