Тошкент ва Шэньчжэнь экология соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Октябрь 24, 2026. 13:30 • 2 дақ
• 64
ШЭНЬЧЖЭНЬ, 24 октябрь. /“Дунё” АА/. Тошкент ва Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳри ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳаво сифатини яхшилаш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Онлайн тарзда ўтган учрашув Ўзбекистоннинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан пойтахт Экология бошқармаси, Шэньчжэнь экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бюроси, шунингдек, “Бир макон, бир йўл” экологик технологияларни трансфер қилиш маркази экспертлари иштирокида ташкил этилди.
Музокаралар чоғида томонлар икки шаҳарнинг ҳаво сифатини яхшилаш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги ёндашувларини кўриб чиқдилар. Шунингдек, давлат органларининг хусусий сектор билан ҳамкорлик қилиш механизмлари ва қўшма ишларнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича иштирокчилар ахборот алмашинувни давом эттириш, қўшимча музокаралар ўтказиш ҳамда экология соҳасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Хитойдан Ўзбекистонга бизнес-миссияларни ташкил этиш имкониятларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси