Тошкент вилояти ва Польшанинг Мазовия воеводлигида ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди
Февраль 22, 2024. 15:01 • 2 дақ
• 207
ВАРШАВА, 22 февраль. /«Дунё» АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги мамлакатимиз ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациянинг Польшага сафари давомида Мазовия воеводлигида қўшма бизнес-форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Иқтисодий форумда Польша ва Европа бизнеси вакиллари ҳамда Ўзбекистон тадбиркорлари қатнашди.
Форумни Мазовия воеводлиги маршали (ҳокими) Адам Струзик очди. У Польша ва Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўхшашлигини, Тошкент вилояти ва Мазовия воеводлиги ўртасида ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши эса икки томонлама муносабатлар ривожига ижобий туртки беришини таъкидлади. Маршал, шунингдек, мазкур бизнес-форум Мазовия ва бошқа Польша компаниялари вакилларига ўзбекистонлик ҳамкорлар билан мулоқотни ривожлантириш учун янги имконият яратганини билдирди.
«Ўзбекистондаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришлар Европада ижобий баҳоланаётгани хорижий сармоядорлар учун чақирув вазифасини бажариши керак. Мен Европа компанияларини Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга чақираман», деди Адам Струзик.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ўз чиқишида форум иштирокчиларини вилоятда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий лойиҳалар, тадбиркорлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити билан таништирди. Ҳоким Тошкент вилоятида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, ҳамкорлик қилиш, қўшма корхоналар очиш истагида бўлган Польша ва Европа компанияларини Ўзбекистонга таклиф қилди.
Бизнес-форум давомида Ўзбекистон қонунчилигида инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сармоядорлар учун яратилган шарт-шароит ва тақдим этилган имтиёзлар, мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя киритиш истагида бўлган польшалик тадбиркорлар томонидан амалга оширилиши зарур бўлган қадамлар муҳокама қилинди.
Форум якунлари бўйича «Польша-Осиё» савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Польша ўрта ва кичик бизнес федерацияси ўртасида ҳамкорлик битимлари имзоланди.
Тадбир доирасида Тошкент вилояти делегацияси аъзолари ва Мазовия воеводлиги маршали Адам Струзик ўртасида алоҳида музокаралар бўлиб ўтди. Унда икки вилоят ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди