Ўзбекистон делегацияси Нью-Йоркда ўтказилган халқаро форумида қатнашди
Июль 15, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 55НЬЮ-ЙОРК, 15 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари маслаҳатчиси, Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши котибияти раҳбари Назима Давлетова бошчилигидаги делегация АҚШнинг БМТдаги миссияси томонидан ташкил этилган “Ёрдам ўрнига савдо” форумида қатнашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Форум АҚШнинг БМТдаги Доимий вакили Майкл Уолтс раислигида ўтказилди. Тадбирда 43 та давлат делегацияси, БМТ Тараққиёт дастури, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки, АҚШ Савдо палатаси, Американинг “Apple”, “Google”, “JPMorgan Chase”, “Bank of America”, “Goldman Sachs”, “General Motors”, “ExxonMobil”, “Meta”, “Microsoft”, “Pfizer”, “Boeing”, “Winrock International” каби етакчи компаниялар вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида ривожланишга кўмаклашишнинг анъанавий моделларидан ўзаро манфаатли савдо-инвестициявий шерикликка ўтиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишга хизмат қилувчи қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик истиқболлари ва минтақанинг глобал ишлаб чиқариш ҳамда савдо занжирларига янада фаол интеграциялашувига алоҳида эътибор қаратилди.
Назима Давлетова АҚШнинг давлат ва ишбилармон доиралари вакилларини савдо-инвестициявий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари билан таништирди. Хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча кафолатлар яратадиган Тошкент халқаро молия маркази доирасида инглиз ҳуқуқига асосланган суднинг ташкил этилиши каби Ўзбекистондаги кенг кўламли қонунчилик ислоҳотлари тақдим этилди.
Форум доирасида БМТ Тараққиёт дастури вакили, АҚШнинг савдо ва ташқи қишлоқ хўжалиги алоқалари бўйича вазири ўринбосари, Американинг “Google”, “Boeing” ва “BNY” корпорациялари вакиллари билан турли суҳбатлар ташкил этилди. Мулоқот жараёнида Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




