АҚШ ва Эрон ўзаро зарбалар алмашишни давом эттирмоқда

Июль 17, 2026. 11:00 • 3 дақ

73
АҚШ ва Эрон ўзаро зарбалар алмашишни давом эттирмоқда
“Fars News” АА сурати

ВАШИНГТОН–ТЕҲРОН, 17 июль. /“Дунё” АА/. АҚШ кетма-кет олтинчи кундирки Эронга зарбалар беришда давом этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “CNN” телеканалига таяниб.

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилишича, ҳужум операцияларидан мақсад мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини янада заифлаштиришдан иборат.

Маълумотларга кўра, ўнлаб ҳарбий объектлар, қирғоқ кузатув нуқталари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, логистика инфратузилмаси ва денгиз кучларига қарашли иншоотлар нишонга олинган.

Шу билан бирга, америкалик ҳарбийлар Эрон портларини қамал қилиш доирасида Ўмон кўрфазидаги нефть танкерини кўздан кечиргани ва чеклов ҳудудидан ўтишга уринган учта тижорат кемасини бошқа йўналишга буриб юборганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Эрон оммавий ахборот воситалари зарбалар фуқаролик инфратузилмаси объектларига ҳам текканини қайд этди. Хабарларда кўприклар, темирйўл вокзали, аэропорт, атом электр станцияси жойлашган Бандар Аббос, Қешм ороли ва Бушер ҳудудларидаги иншоотлар шикастлангани айтилди. Маълумотларга кўра, етти киши ҳалок бўлган.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, Теҳрон Қувайт ва Баҳрайндаги Америка ҳарбий инфратузилмасига зарбалар берилганини эълон қилди. Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) эса Суриядаги Ат-Танф базасида жойлашган АҚШ махсус операциялар кучларининг қўмондонлик марказига ҳужум қилганини билдирди. ИИПКнинг таъкидлашича, ушбу операция Эрон ҳудудидаги ҳарбийларнинг ҳалок бўлишига жавобан амалга оширилган.

Эрон Ҳормуз бўғози устидан тўлиқ назоратни сақлаб қолишини ва Америка зарбалари тўхтагунича у орқали нефть ва газ экспортига йўл қўймаслигини маълум қилди. Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фатиҳ Бирол ҳозирги вазият сақланиб қолса, яқин ҳафталарда глобал энергетика бозори учун жиддий хатарлар юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Кескинликка қарамай, Оқ уй Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги алоқалар давом этаётганини маълум қилди. Оқ уй матбуот котиби Каролин Ливиттнинг айтишича, Эрон ҳамон АҚШ билан келишув имзолашдан манфаатдор.

“Биз улар билан музокаралар олиб бораяпмиз. Аммо президент уларнинг бўғоздаги кемаларни оқибатларсиз ўққа тутишига йўл қўймайди”, – деди у. Унинг сўзларига кўра, Теҳрон ҳамон президент билан битим тузишни истаётганини очиқ билдирган.

Дональд Трамп ўз телемурожаатида АҚШ армияси Эронга жиддий талафот етказаётгани ва бу ҳаракатлар натижалари тез орада намоён бўлишини таъкидлади. “Биз Эрон устидан улкан ғалабага эришаяпмиз. Бунинг натижалари тез орада кўринади”, – дея маълум қилди у.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш