Logo

Ўзбекистон ва Ҳиндистон журналистика соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни фаоллаштирмоқда

Май 31, 2025. 01:01 • 2 дақ

54
Ўзбекистон ва Ҳиндистон журналистика соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни фаоллаштирмоқда

ДЕҲЛИ, 31 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (ЎзЖОКУ) делегацияси Ҳиндистон олий билим юртларида музокаралар ўтказиб, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Жамия Миллия Исломия марказий университетида (ЖМИ) бўлиб ўтган мулоқот чоғида журналистика соҳасини танлаган ёшларга замонавий билимлар бериш, бугунги кунда дунёда рўй бераётган воқеалар мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил қила олиш кўникмаларини тарбиялаш, илғор ахборот технологияларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, бошқа долзарб йўналишлардаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

ЎзЖОКУ ва ЖМИ ҳузуридаги Оммавий коммуникациялар тадқиқот маркази ўртасида профессор ва талабалар алмашиш, қўшма лекциялар ўтказиш, илмий-амалий анжуманлар ташкил қилиш, биргаликда илмий журналлар ва тўпламлар нашр этиш юзасидан амалий таклифлар кўриб чиқилди.

МЕРИ институтлар гуруҳидаги учрашувда ҳам истиқболдаги ўзаро манфаатли шериклик алоқалари муҳокама қилинди.

Мазкур олий билим юртининг Журналистика ва оммавий коммуникациялар коллежида назарий билимлар олиш ва амалиёт жараёнлари уйғун тарзда йўлга қўйилган. Талабалар учун журналистиканинг турли йўналишларида, жумладан, телевидение ва радио соҳасида материаллар тайёрлаш учун замонавий шароитлар яратилган.

Бўлажак журналистларнинг аксарият қисми мамлакатнинг кўплаб етакчи оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик қилади.

Ташриф доирасида ЎзЖОКУ ва МЕРИ институтлар гуруҳи ўртасида Аҳдлашув меморандуми имзоланди.

– Меморандумда талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини амалга ошириш, биргаликда таълим дастурлари ишлаб чиқиш, қўшма диплом бериш, шунингдек, семинарлар, конференциялар уюштириш, истиқболли йўналишларда илмий тадқиқотлар ўтказиш масалалари кўзда тутилган, – дейди университет вице-президенти профессор Лалит Аггарвал. –Университетларимиз ўртасидаги мазкур ҳамкорлик Ҳиндистон Бош вазири ва Ўзбекистон Президенти томонидан икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш бўйича белгиланган юксак мақсадларга эришишга хизмат қилишига ишончимиз комил.

ЎзЖОКУ делегацияси Деҳли шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон-Ҳиндистон Таълим ва бизнес форумида ҳам иштирок этиб, университет ўқув ва илмий салоҳиятини тақдим қилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш