Покистон ва Ўзбекистон фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Июль 13, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 92
ЛАҲОР, 13 июль. /“Дунё” АА/. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев бошчилигидаги делегация Лаҳор шаҳрига ташрифи давомида қатор етакчи фармацевтика компаниялари фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, делегация Покистоннинг “CCL Pharma”, “Pharmagen Limited”, “Bio Science Pharma”, “Don Valley Ltd.” ва “Highnoon Laboratories” корхоналари фаолияти, иш жараёни ҳамда ходимларга яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.
Компания раҳбарлари билан ўтказилган музокараларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, импорт қилинаётган дори воситаларини маҳаллийлаштириш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва фармацевтика соҳасига сармоя киритаётган хорижий компаниялар учун тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, Қорақалпоғистоннинг дори воситаларига бўлган эҳтиёжи, ички бозор имкониятлари ва мазкур соҳадаги мавжуд салоҳият ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда республикада истеъмол қилинаётган фармацевтика маҳсулотларининг асосий қисми Россия, Хитой, Ҳиндистон ҳамда Европа давлатларидан импорт қилинмоқда. Шу муносабат билан ҳудудда замонавий фармацевтика ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва соҳага Покистоннинг етакчи компанияларини жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.
“CCL Pharma” компанияси раҳбари Жунайд Шафи 2024 йилда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифини ёдга олиб, “Tashkent Pharma Park” ҳудудида яратилган шароитлар ва инвестиция имкониятлари тўғрисида гапирди.
Учрашувлар давомида томонлар фармацевтика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, келгусида амалий мулоқотларни изчил давом эттириш юзасидан келишувга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси