Logo

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ўзгаришлар Польшада бўлиб ўтган халқаро анжуманда тақдим этилди

Август 09, 2025. 08:20 • 2 дақ

44
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ўзгаришлар Польшада бўлиб ўтган халқаро анжуманда тақдим этилди

ЦЕХАНУВ, 9 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон вакиллари Польшанинг Цеханув шаҳридаги Игнаций Мосцицкий номидаги амалий фанлар университетида ташкил этилган "Замонавий қишлоқ хўжалигида сифат тизимлари" номли III халқаро илмий конференцияда иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Польша Фан ва олий таълим вазирлиги, Академик алмашинув миллий агентлиги, Мазовия воеводлиги маршал идораси, Цеханув шаҳри мэрияси, Германия, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Туркия, Украина ва Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги университетлари вакилларининг маърузалари тингланди.

Ўзбекистон дипломатик миссияси ходимлари томонидан ўтказилган тақдимотда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар, Ўзбекистон-Польша ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Янги Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилувчи видеороликлар намойиш этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон дипломатлари Польша билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион технологияларни жорий қилиш ҳамда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети кафедра мудири Шохиста Ишниёзова ўз чиқишида, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида амалга оширилган ўзгаришлар аҳамияти, янги агротехнологиялар, инновацион ечимлар ва замонавий ютуқлар, ер унумдорлигини ошириш ва эко-чидамлиликка алоҳида эътибор қаратди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз элчихонаси кўмагида шу йил май ойидан октябрь ойигача "AgriCool" грант лойиҳаси доирасида Тошкент давлат аграр университети, Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ва Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг 120 нафар талабалари учун "Green Crops"да ва Краков қишлоқ хўжалиги университетида ўқув курслари ташкил этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш