Ўзбекистон Осиё ва Тинч океани давлатлари учун коррупцияга қарши курашиш ташаббусига қўшилди
Сентябрь 29, 2025. 06:52 • 2 дақ
• 186

ЖАКАРТА, 29 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон делегацияси Индонезия пойтахтида бўлиб ўтган Осиё ва Тинч океани давлатлари учун коррупцияга қарши курашиш ташаббуси бўйича 12-минтақавий конференцияда иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Анжуман жорий йилнинг 23-26 сентябрь кунлари Жакарта шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ва Осиё Тараққиёт банки билан ҳамкорликда ўтказилди.
Минтақавий конференция доирасида Ўзбекистон Осиё ва Тинч Океани давлатлари учун коррупцияга қарши курашиш ташаббусига расмий қўшилди.
Хорижий ҳамкорлар коррупцияга қарши курашишда Ўзбекистон тажрибаси, хусусан тадбиркорлик субъектларида учрайдиган коррупция ҳолатлари ва маиший коррупция олдини олиш ҳамда аҳолида коррупцияга қарши иммунитет ҳосил қилишда эришилган ижобий натижаларни юқори баҳолади.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева Индонезия Коррупцияга қарши курашиш комиссияси раҳбари Агус Жоко Прамоно билан учрашув ўтказди.
Индонезия томонига Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти ва эришилган ютуқ ҳақида сўзлаб берилди.
Комиссия раҳбари Агус Жоко Прамоно икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий йўналишлардаги ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётганлигини алоҳида қайд этиб, коррупцияга қарши курашиш йўналишида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш муҳим эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, у 2025 йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент аксилкоррупция форумида Индонезия делегацияси иштирок этишини тасдиқлади.
Учрашув якунида коррупцияга қарши курашиш йўналишида яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш, икки идора ўртасида меморандум имзолаш ва қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди