Ўзбекистон ва Буюк Британия даволаш педагогикаси соҳасида ҳамкорликни йўлга қўймоқда
Март 17, 2024. 10:48 • 2 дақ
• 465
ЛОНДОН, 17 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Челси жамоат касалхонаси мактаби (Chelsea Community Hospital School – CCHS) директори Жанетт Стил билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Буюк Британия томонига Янги Ўзбекистонда ижтимоий соҳада, жумладан, халқ таълими тизимида "инклюзив таълим"ни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Жанетт Стил республикада узоқ муддат даволанаётган болалар учун тўлақонли, тўсиқларсиз таълим муҳитини яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, "Zamin" халқаро жамоат фонди томонидан Ўзбекистонда даволаш педагогикасини ривожлантириш бўйича илк лойиҳа – "Меҳрли мактаб" алоҳида эътиборга лойиқдир.
"Ўзбекистонда тўлақонли ўқув жараёни ташкил этилган, беморларнинг тўхтовсиз даволанишига имкон берувчи мактабларнинг пайдо бўлиши ўз вақтида амалга оширилган ишдир", – дейди у.
Директор, шунингдек, ўзи раҳбарлик қилаётган таълим муассасаси фаолиятига тўхталиб ўтди. Қайд этилишича, "CCHS"нинг Буюк Британияда 6 та филиали мавжуд бўлиб, уларда 72 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактаблар болаларга клиник шароитда миллий имтиҳондан ўтиш имкониятини тақдим этади.
Жанетт Стил "Меҳрли мактаб" фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида "CCHS" "Zamin" халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Учрашув якунида "CCHS" раҳбарияти ва "Zamin" халқаро жамоат фонди ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилиш учун онлайн учрашув ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
1989 йилда ташкил этилган "CCHS" соғлиғи ёки руҳий касалликлар туфайли оддий мактабга бора олмайдиган 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга ихтисослаштирилган таълим хизматларини тақдим этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди