2023 йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик самарали бўлди
Январ 01, 2024. 12:55 • 3 дақ
• 188
ДЕҲЛИ, 1 январь. /"Дунё" АА/. Деҳли шаҳридаги "Aakash Healthcare" шифохонаси якунланган 2023 йилда Ўзбекистон билан самарали ҳамкорликни амалга оширди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Aakash Healthcare" Ҳиндистоннинг кўп тармоқли етакчи тиббий муолажа тизимларидан бири ҳисобланиб, турли касалликларни даволаш бўйича юқори салоҳият ва бой тажрибага эга. Шунингдек, шифохона томонидан мамлакатнинг қатор ҳудудларида тиббий таълим марказлари фаолияти йўлга қўйилган.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси саъй-ҳаракатлари билан 2022 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида "Aakash Healthcare" шифохонаси томонидан 50 ўринли замонавий шифо маскани фойдаланишга топширилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 4 миллион ақш доллари миқдорида сармоя киритилган.
"2023 йил Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз учун жуда самарали бўлди, - дейди "Akash Healthcare" ихтисослашган шифохонаси бошқарувчи директори Аашиш Чаудари. - Биз етакчи мутахассисларимиздан ташкил топган делегацияларнинг Ўзбекистонга бир неча бор сафарларини уюштирдик, текширув ва ташхис ишларини амалга оширдик, 2 мингдан ортиқ беморга малакали шифо топишга ёрдам бердик. Шунингдек, ортопедия, бўғимларни алмаштириш, гастроэнтерология, онкология каби турли йўналишларда 100 га яқин мураккаб жарроҳлик операциялари ўтказилди.
Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражаси соғлиқни сақлаш тузилмалари учун қулай имконият яратмоқда. Йил давомида тиббиёт ходимлари алмашинуви ва малакасини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилди. Хусусан, 2023 йилда Деҳли шаҳридаги марказий шифохонамизга Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан 20 нафар шифокор ташриф буюриб, жарроҳлик, онкологик жарроҳлик ва радиология йўналишларида малака оширди.
Буларнинг барчаси мамлакатларимиз ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётганидан, кўплаб қўшма дастурлар амалга оширилаётганидан далолат беради. Шундай экан, 2023 йил Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз учун жуда самарали йил бўлди, дейишга барча асосларимиз бор".
"Akash Healthcare" ихтисослашган шифохонаси томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ҳамда хорижлик инвесторларга яратилган шароит ва имкониятлардан руҳланиб, Тошкент шаҳрида умумий қиймати 80 миллион ақш долларга тенг "тиббиёт шаҳарчаси"ни барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ташкилий ишлар бошлаб юборилди. Ҳиндистонлик мутахассисларнинг режасига кўра, янги мажмуа таркибидан 600 ўринли замонавий шифохона ва таълим муассасаси жой олади.
"Ҳозир Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлигида лойиҳани комплекс экспертизадан ўтказишнинг иккинчи босқичи давом этмоқда, - дейди Аашиш Чаудари. - Экспертиза жараёни тугаллангач, янги мажмуа билан боғлиқ барча ҳужжат ва маълумотлар тегишли давлат органларига тақдим этилади. 2024 йил ҳамкорлигимиз учун жуда муҳим босқич бўлишига ва янги лойиҳа муваффақиятли амалга оширилишига ишончимиз комил".
Таниқли ҳинд шифокори Кириб келган янги 2024 йил муносабати билан мамлакатимиз аҳолисига байрам табрикларини изҳор қилди:
- "Ўзбекистон аҳолиси ва раҳбариятини янги 2024 йил билан табриклайман. Янги йилда биз фидойи ва масъулиятли соғлиқни сақлаш ташкилоти сифатида Ўзбекистон фуқаролари саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида бор куч-ғайратимизни сарфлаймиз.
Умид қиламанки, Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг "Akash Healthcare" шифохонаси ўртасидаги ҳамкорлик абадий давом этади ва келажакда биз Ўзбекистонни дунёдаги аҳолиси энг соғлом давлатлардан бири сифатида кўрамиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси