Беларусь далаларида ўзбек саримсоқпиёзини етиштириш бўйича тажриба бошланди
Октябрь 22, 2026. 20:00 • 2 дақ
• 63
ВИТЕБСК, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Беларуснинг Витебск вилоятида Ўзбекистондан олиб келинган кузги саримсоқпиёзни экиш бўйича йирик агротехнологик тажриба бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Беларусь ОАВда ёзилишича, Витебск туманидаги “Ольговское” ишлаб чиқариш кооперативи далаларида илк бор Ўзбекистондан келтирилган серҳосил ва чидамли “Қизил май” навли кузги саримсоқпиёз экилмоқда.
Деҳқончилик ишлари учун хўжаликнинг унумдор ва юмшоқ тупроқли 2,5 гектар ер майдони ажратилган. Экспериментнинг муҳим жиҳати шундаки, унда ўзбек агрономлари ҳам қатнашиб, маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда жараённи назорат қилмоқда.
Саримсоқпиёз экиш ишлари Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган “Техмаш” қўшма корхонасининг махсус экиш техникалари ёрдамида амалга оширилмоқда. Олимлар ва агрономлар маҳаллий иқлим шароитида қайси усул энг юқори ҳосил беришини аниқлаш мақсадида ҳозирда икки хил экиш усулини (75 сантиметрли икки қаторли ва 40 сантиметрли уч қаторли) синовдан ўтказмоқда.
“Ольговское” кооперативи бош агрономи Ольга Яковлеванинг таъкидлашича, экилган уруғларнинг ривожланиши доимий назоратда ва мазкур ўзбек навининг дастлабки ҳосилини 2027 йилнинг июль ойида йиғиб олиш режалаштирилган. Бу мавсумда Л.Доватор номидаги Улла давлат коллежи далаларида ҳам Ўзбекистон саримсоқпиёзини экиш кўзда тутилган.
Витебск вилояти ва Ўзбекистон ҳудудлари, хусусан, Андижон вилояти ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди.
Аввалроқ вилоятда ўзбек фермерларига картошка етиштириш учун 2 минг гектар ер ажратилгани ҳамда чорвачилик йўналишида қўшма лойиҳалар бошлангани хабар қилинган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси