Қоҳирада Ўзбекистонда C гепатитига қарши дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари муҳокама қилинди
Август 12, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 103
ҚОҲИРА, 12 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Мисрнинг “PHARCO Corporation” фармацевтика корпорацияси минтақавий директори Муҳаммад Форуқ билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Томонлар корпорацияни Ўзбекистон билан ҳамкорликка жалб қилиш, сармоя киритиш, технологиялар трансфери ҳамда C гепатитига қарши препаратлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш истиқболларини муҳокама қилди.
“Pharco Pharmaceuticals” – 1987 йилда ташкил этилган “Pharco Corporation”нинг корхонаси ҳисобланади. Корпорация таркибига 5,7 мингдан ортиқ ходимга эга тўққизта ташкилот киради. Йиллик савдо ҳажми 345 миллион қадоқдан ошади, маҳсулотлар 57 мамлакатга етказиб берилади. “Pharco” 13,2 фоизлик улуш билан Миср фармацевтика бозорида биринчи ўринни эгаллайди.
Муҳаммад Форуқ корпорациянинг Мисрда C гепатитини бартараф этишдаги ўрни ҳақида сўз юритди. Компания “Gratisovir” номли софосбувир генериги ва лицензияланган “Ravidasvir” препарати каби арзон вирусга қарши дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бу даволаш курси нархи бир неча ўн минг доллардан 100 долларгача пастга туширилган. Даволаш курсидан сўнг беморнинг соғайиш кўрсаткичи 99 фоизни ташкил этган.
Миллий дастур доирасида препаратларнинг оммавий етказиб берилиши миллионлаб фуқароларни даволаш имконини берди. Натижада, Миср C гепатитини енггани учун ЖССТнинг расмий “Олтин сертификати”ни қўлга киритган дунёдаги биринчи давлатга айланди.
“PHARCO Corporation” айни пайтда Ўзбекистоннинг қатор хусусий фармацевтика компаниялари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу шериклик бўйича “Gratisovir” ва “Ravidasvir” дори воситаларини етказиб бериш, технологиялар трансфери ва Ўзбекистон фармацевтика қувватлари негизида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни таъминлаши мумкин.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, мамлакатимиз хусусий фармацевтика компаниялари ва “PHARCO Corporation” иштирокида онлайн музокаралар ўтказишга келишиб олди. Мисрлик мутахассислар кейинги музокаралар учун Ўзбекистонга делегация юборишга тайёрлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси