Малайзиянинг энг йирик университети Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқда
Март 29, 2024. 09:55 • 2 дақ
• 175
КУАЛА-ЛУМПУР, 29 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг MARA Технология университети ректори Шаҳрин Саҳиб билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Малайзия томонига "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг мазмун-моҳияти, ҳужжатнинг устувор йўналишларидан бири бўлмиш таълим тизими ислоҳотлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шаҳрин Саҳиб университетнинг Ўзбекистон таълим муассасалари билан бугунги алоқаларини ижобий таърифлаб, улар билан мавжуд ҳамкорлик меморандумларини янги амалий лойиҳалар билан бойитиш ҳамда олий таълим, илм-фан ва техника соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, илмий тадқиқотлар ва халқаро журналларда мақолалар нашрини йўлга қўйиш, илмий-амалий семинар ва конференциялар борасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.
Музокаралар натижасида муҳандислик-технология, сунъий интеллект, нефть муҳандислиги, архитектура-шаҳарсозлик, туризм менежменти ва бошқа ўзаро қизиқиш касб этувчи йўналишларда академик ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, 2024 йилда университет делегациясининг Ўзбекистонга навбатдаги ташрифини амалга ошириш режалари хусусида фикр алмашилди.
1956 йилда ташкил этилган MARA Технология университети мамлакатдаги энг йирик давлат олий таълим муассасаларидан бири саналади. У "QS World Rankings" рейтингида 555-ўринда қайд этилган. Университетнинг мамлакат бўйлаб 34 та филиали мавжуд. Олийгоҳ талабалари сони эса 187 мингдан зиёдни ташкил қилади. Ҳозирги кунда 500 дан зиёд таълим дастурлари амалга оширилмоқда.
MARA Технология университети Ўзбекистон Фанлар академияси, Бухоро давлат университети, Тошкент давлат транспорт университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Наманган муҳандислик-технология институти билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди