Хитойлик шифокорлар Хоразмда жарроҳлик амалиётларини ўтказди
Сентябрь 13, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 214УРГАНЧ, 13 сентябрь. /“Дунё” АА/. Хитойдаги Фудан университети болалар касалхонаси, “Sir Run Run Shaw” шифохонаси, “Future Smile” жамғармаси ҳамда “Meihao Tuoxin Biotechnology Co., Ltd.” компанияси тиббиёт ходимларидан иборат делегациянинг Хоразм вилоятига хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Шанхайдаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, ташриф давомида Хоразм вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида 68 нафар беморда диагностика ва 30 та жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Хорижлик шифокорлар урологик, юз-жағ, пластик, ортопедик ва умумий жарроҳлик йўналишлари бўйича беморларни қабул қилди.
Шу билан бирга, чет эллик мутахассислар иштирокида туман тиббиёт муассасалари шифокорлари учун тренинг ташкил этилди ҳамда техник ёрдам сифатида видеоларингоскоп топширилди. Делегация диққатга сазовор жойларни кўриш мақсадида Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиясига кўра, делегация Фарғона вилоятига ташриф буюриб, бу ердаги кўп тармоқли болалар маркази билан 2027 йилнинг биринчи ярмида маҳаллий болаларда жарроҳлик операцияларини амалга ошириш масаласини келишиб олди.
“Meihao Tuoxin Biotechnology Co., Ltd.” компанияси вакиллари ва Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ўртасида Ўзбекистон ҳудудида тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий-косметика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



