Logo

Рига шаҳрида Ўзбекистон-Латвия ректорларининг I форуми бўлиб ўтди

Сентябрь 05, 2025. 10:57 • 57 сония

79
Рига шаҳрида Ўзбекистон-Латвия ректорларининг I форуми бўлиб ўтди

РИГА, 5 сентябрь. /"Дунё" АА/. Латвияда бошланган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида Рига шаҳрида Ўзбекистон-Латвия ректорларининг I форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда икки давлатнинг 50 дан ортиқ етакчи олий ўқув юртлари раҳбарлари иштирок этди.

Форумни Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғротбой Шарипов ҳамда Латвия таълим ва фан вазири Даcе Мелбарде очиб берди.

Тадбирда университетлараро ҳамкорлик бўйича услубий ва амалий дастурларни биргаликда тайёрлаш, талабалар алмашинуви, икки томонлама диплом амалиётини жорий этиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, ўқув жараёнида АКТдан кенг фойдаланиш ва кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга янгича ёндашувлар каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Вазир Қўнғротбой Шарипов латвиялик ҳамкасбларига Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий ҳамкорлар билан университетлараро ҳамкорлик бўйича режалаштирилган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берди. 

Форум доирасида икки мамлакат университети ўртасида 20 дан ортиқ тегишли ҳамкорлик шартномаларини имзолашга келишиб олдилар. Улар илмий, педагогик ва маъмурий кадрлар алмашинуви, бакалавриат, магистратура, аспирантура ва докторантура даражасида талабалар алмашинуви дастурлари, шунингдек, илмий, академик ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, Латвия ва ЕИ маблағлари ҳисобидан илмий-тадқиқот грантларини жалб этишни назарда тутади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш