Россия ва Ўзбекистонда дипломатик муносабатларнинг 35 йиллиги шарафига маданият кунлари ўтказилади
Сентябрь 01, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 181
ТОШКЕНТ, 1 сентябрь. /“Дунё” АА/. “Россия” миллий маркази ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги шарафига маданият кунларини ўтказишга келишиб олди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
“Россия” миллий марказининг маълумотига кўра, тадбирлар 2027 йилнинг март ойига мўлжалланган. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтаётган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафорумида маълум қилинди.
Дастур доирасида маданий, таълимий ва ишбилармонлик тадбирлари ўтказилади. Ўзбекистонда Россия ва Ўзбекистон санъаткорлари иштирокида “Хоровод” мусиқий-хореографик томошасини намойиш этиш, Москвада эса Ўзбекистон маданиятига бағишланган кеча ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон тарихчилари, санъатшунослари ҳамда маданиятшунослари иштирокида қўшма маърузалар ва очиқ мулоқотлар ўтказилади. Ушбу тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги гуманитар ва ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси