Ўзбекистон ва Австрия ўртасида тиббий технологиялар йўналишида ҳамкорлик кенгайтирилади
Сентябрь 21, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 123
КРЕМС, 21 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Австриядаги элчихонаси дипломатлари “Technopol Krems” технологик маркази менежери Харальд Лайтер ҳамда “Cells+Tissuebank Austria” бўлим раҳбари Александра Хартманн билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Technopol Krems” Қуйи Австрия федерал еридаги технологияларни ривожлантириш маркази бўлиб, тадқиқот ва таълим муассасалари, университетлар ва бизнес вакилларини бирлаштиради. Ушбу марказнинг асосий йўналишлари орасида регенератив тиббиёт, онкология, диагностика ва тиббий технологиялар мавжуд.
Мулоқот чоғида тиббиётда қўллаш учун одам организмида олинадиган аллоген тўқималарни йиғиш, қайта ишлаш ва тақдим этиш билан шуғулланувчи “Cells+Tissuebank Austria” ташкилоти фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ташкилот таянч-ҳаракат тизими тўқималари ва инсон суяк тўқималарига ихтисослашган бўлиб, донорлик материалини олишдан тортиб имплантларни тайёрлаш ва тарқатишгача бўлган жараёнларни назорат қилади.
Музокаралар давомида томонлар мутахассислар учун амалиётлар ва малака оширишни ташкил этиш, экспертлар алмашинуви, қўшма семинарлар ва тадқиқотлар ўтказиш, сифатни бошқариш ва GMP стандартлари соҳасида Австрия тажрибасини ўрганиш масалаларини муҳокама қилди.
Иштирокчилар тўқима банкларини ривожлантириш имкониятлари, биологик материалларга ишлов бериш ва сақлашнинг замонавий усуллари, тиббий буюмлар, диагностика ва замонавий тиббий технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни алоҳида кўриб чиқди.
Учрашувда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион ривожланиш агентлиги, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази, тиббиёт олий таълим муассасалари ҳамда “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери салоҳиятли ҳамкорлар сифатида қайд этилди.
Томонлар икки мамлакатнинг тегишли муассасалари ўртасидаги алоқаларни давом эттириш ва тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди. Кейинги қадам сифатида аниқ қўшма лойиҳаларни тайёрлаш учун техник маслаҳатлашувлар ўтказиш кўриб чиқилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси