Ўзбекистон мутахассислари Мисрнинг чўл ҳудудларини ўзлаштириш ва сув тежаш тажрибасини ўрганди
Сентябрь 21, 2026. 17:30 • 3 дақ
• 78ҚОҲИРА, 21 сентябрь. /“Дунё” АА/. 15–20 сентябрь кунлари Ўзбекистон делегациясининг Миср Араб Республикасига амалий ташрифи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташрифдан асосий мақсад Мисрнинг чўл ҳудудларини ўрганиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда қурғоқчил ҳудудларда чорвачиликни ривожлантириш бўйича тажриба алмашишдан иборат бўлди.
Ҳукумат вакиллари, фермерлар ва тадбиркорлардан иборат 224 кишилик делегация дастлаб Миср сув хўжалиги ва ирригация вазири Ҳани Сувейлим билан учрашиб, ҳамкорлик алоқалари бўйича музокара ўтказди. Суҳбат жараёнида чўл ҳудудларини ўзлаштириш, ер усти ва ер ости сувларидан оқилона фойдаланиш, сувни қайта ишлаш ва такрорий қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари “Elsewedy Wataniya” компаниясида замонавий пивот суғориш технологиялари билан ҳам танишди. Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот маркази (ARC) билан ҳамкорлик доирасида Мисрда етиштирилаётган ҳосилдор буғдой, маккажўхори ва чўл иқлимига мос гуруч навларини Ўзбекистон шароитида етиштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ташрифнинг муҳим қисми икки мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида ўтказилган B2B форматидаги учрашувлар бўлди.
Қоҳирадаги тадбирда 400 нафарга яқин фермер, тадбиркор ва компания вакиллари қатнашиб, замонавий суғориш технологиялари, чорвачилик, озуқа базасини яратиш, агротехнология ва инвестициявий лойиҳалар бўйича тўғридан-тўғри ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашди.
Шу билан бирга, вакилларимиз Мисрнинг “Мустақбал Миср” лойиҳаси билан танишди. Лойиҳа мисолида чўл ерларини ўзлаштириш, сувни тежаш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини йўлга қўйишнинг амалий механизмлари ўрганилди.
Миср Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазири Алаа Фаруқ билан учрашувда чўл ҳудудларини ўзлаштириш тажрибаси, хусусан, Навоий вилоятида қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Миллий сув тадқиқотлари маркази (NWRC) ҳамда Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот марказининг дала майдонларида сув ресурсларини бошқариш, суғориш технологиялари ва турли экин навларини синовдан ўтказиш тажрибаси ўрганилди.
“Arco Seeds” ва “Elsewedy Wataniya” компаниялари раҳбарлари билан музокараларда Миср тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш, яйловларни ободонлаштириш, чорва учун ем-хашак етиштириш ва сақлаш технологияларини татбиқ қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф давомида сув тежамкор технологиялар, чўл ҳудудларини ўзлаштириш, замонавий чорвачилик, озуқа базасини яратиш, илмий-тадқиқот, рақамлаштириш ва хусусий сектор ҳамкорлиги бўйича аниқ амалий йўналишлар белгиланди.
Эришилган келишувлар Навоий вилояти ва Ўзбекистоннинг бошқа чўл ҳудудларида янги ерларни ўзлаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва чорвачиликни ривожлантиришда Миср тажрибасидан фойдаланиш учун муҳим амалий замин яратади
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





