Logo

Вашингтонда "Ўзбекистон бизнес етакчилари" дастурининг истиқболлари муҳокама қилинди

Июль 13, 2025. 01:43 • 2 дақ

105
Вашингтонда "Ўзбекистон бизнес етакчилари" дастурининг истиқболлари муҳокама қилинди

ВАШИНГТОН, 13 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасиходимлари "Америка кенгашлари" томонидан ташкил этилган "Ўзбекистон бизнес етакчилари" дастурига бағишланган давра суҳбатида иштирок этишди, деб хабар қилмоқда Дунё АА мухбири.

Унда, шунингдек, давлат департаменти ходимлари, бизнес ҳамжамияти, экспертлар ва академик доиралар вакиллари, шунингдек, "Ўзбекистон бизнес етакчилари" алмашинув дастурининг 2025 йилги танлов ғолиблари қатнашди.

Тадбирда "Америка кенгашлари" президенти Лиза Чоате, АҚШ давлат котибининг таълим ва маданият масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ребекка Пассини, Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов, Ресурсларни ривожлантириш бўйича миллий марказ директори Жо Капп, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси ижрочи директори Елена Сон, Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорациясининг бўлим директори Тара Блейк маъруза қилди.

Анжуман доирасида иккита сессия ташкил этилди. Биринчи сессияда Ўзбекистон ва АҚШ иқтисодий муносабатларининг ривожланиш босқичлари, бизнес доираларнинг алмашинув дастурлари ҳамда олинган билимларнинг Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдосини оширишдаги ўрни муҳокама қилинди. Иккинчи сессияда иштирокчилар ўртасида иқтисодий муносабатларни ривожлантириш бўйича таклифлар ва ташаббуслар кўриб чиқилди.

"Америка кенгашлари" президенти Лиза Чоате сўнгги йилларда Ўзбекистон Президентиташаббуси билан мамлакатда бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратилганинитаъкидлади.

– Биз Ўзбекистонда инглиз тилини биладиган ҳамда ўз бизнесини йўлга қўйган икки мингдан ортиқ ҳужжат топширган истеъдодли ва етакчи тадбиркорларни кўриб ҳайратда қолдик. Буларнинг барчаси мамлакатингиз раҳбари томонидан олиб борилаётган самарали ислоҳотлар натижасидир.Хусусан, солиқ ва божхона имтиёзлари, кредит ва инвестицияларнинг оширилиши, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, янги инфратузилмалар қурилиши ҳамда давлат хизматларининг рақамлаштирилиши орқали бизнес муҳити сезиларли даражада яхшиланганининг гувоҳи бўляпсиз. 

АҚШ давлат котибининг таълим ва маданият масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ребекка Пассини таълим икки мамлакат алоқаларининг муҳим йўналиши эканини, Давлат департаменти бундан кейин ҳам бу соҳадаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратишини билдирди.

Бу йилги дастур АҚШнинг Чикаго, Клевленд ва Питтсбургда ташкил этилди. Дастур ўзбекистонлик бизнес етакчиларнинг замонавий бизнес кўникма ва билимларини ошириш, инновацион фикрлаш ва халқаро тармоқ яратиш, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадларини қамраб олди.

"Америка кенгашлари" президентининг сўзларига кўра, АҚШ Давлат департаменти ушбу дастурнинг истиқболли эканига ишонч билдириб, буни молиялаштиришни маъқул деб топган. 

"Бу таълим соҳасидаги дастурлар ва икки томонлама ҳамкорлик ўзини оқлаётганининг натижасидир", – деди кенгаш раҳбари.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш