Жанубий Корея компанияси Қува туманида Ўзбекистондаги иккинчи гольф майдонини қуриш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда
Октябрь 20, 2023. 12:31 • 2 дақ
• 85
ТОШКЕНТ, 20 октябрь. /«Дунё» АА/. Фарғона вилояти ҳокимлигида Жанубий Кореянинг «Dream Build Team» компанияси раҳбари Пак Ёнг Шик ҳамда «Incense Korea» компанияси раҳбари Ю Ли Бок билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, учрашувда Фарғона вилоятида тўғридан тўғри Жанубий Корея сармоялари ҳисобига амалга ошириш режалаштирилаётган инвестицион лойиҳалар, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Экошаҳар мажмуасининг тегишли кичик саноат зонаси ҳудудида «Корейс ишлаб чиқарувчилари саноат парки» ташкил этиш бўйича ишларнинг бориши ҳам учрашув асосий кун тартибидан ўрин олди.
«Dream Build Team» компанияси Қува тумани ҳудудида гольф майдони ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Вилоят ҳокими бошчилигидаги Фарғона делегациясининг жорий йил март ойида Жанубий Кореяга ташрифи давомида бу борада музокаралар ўтказилганди. Лойиҳани истиқболини ҳамда вилоятдаги инфратузилмаларни юқори баҳолаган Пак Ёнг Шик, Ўзбекистондаги иккинчи гольф майдонининг барпо этилиши Фарғонага Корея Республикасидан, шунингдек, бошқа хорижий давлатлардан, Европадан кўплаб гольф ишқибозларини жалб этишига ишонч билдирди. «Dream Build Team» компанияси раҳбари билан шунингдек, Экошаҳар ҳудудида бизнес маркази барпо этиш лойиҳаси бўйича муҳокамалар ўтказилди.
«Incense Korea» компанияси раҳбари Ю Ли Бок бошчилигидаги ўнлаб инвесторлардан иборат гуруҳ, март ойидаги вилоят делегациясининг Корея Республикасига ташрифи ортидан апрель ойида Фарғонага келиб, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти билан жойида танишишганди. Ташриф натижасида Экошаҳар мажмуасининг тегишли кичик саноат зонаси ҳудудида «Корейс ишлаб чиқарувчилари саноат парки» ташкил этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилганди. Бугунги учрашувда Ю Ли Бок ушбу саноат паркида жойлаштириш кўзда тутилаётган инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқилаётгани ҳақида вилоят раҳбарига маълумот берди.
Шунингдек, «Incense Korea» компанияси томонидан Тошкент-Фарғона автомагистраль йўли бўйида Жанубий Корея стандартларига мос, савдо, меҳмонхона, овқатланиш ва логистика хизматларини ўз ичига олган кўп тармоқли хизмат кўрсатиш маркази барпо этиш лойиҳаси тақдим этилди.
Учрашувда шунингдек, мисни чуқур қайта ишлаш, пуллик йўллар қуриш, туристик объектлар барпо этиш лойиҳалари бўйича инвестицион ҳамкорлик бўйича фикр алмашилди. Таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда жанубий кореялик инвесторларнинг ижтимоий ҳамкорлиги бўйича келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси