"Париж-2024": Ўзбекистон вакиллари ёзги Олимпия ўйинларида илк бор 19 спорт турида 75 та йўлланмани қўлга киритди
Июль 17, 2024. 11:49 • 2 дақ
• 197
ТОШКЕНТ, 17 июль. /"Дунё" АА/. Пойтахтимиздаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон делегациясининг "Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинларига иштироки олдидан матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ бош котиби Ойбек Касимов, қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов, Сакен Полатов, Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Вазир Адҳам Икрамов анжуманни очиб берар экан, уч йил давом этган циклда Президентимиз ва давлатимиз томонидан терма жамоаларимизнинг тайёргарлиги учун барча шароитлар муносиб тарзда яратиб берилгани, бунга жавобан ўзбек спорти тарихида илк бор 19 спорт турида 90 нафар атлет билан 75 та йўлланма қўлга киритилганини, қолаверса, делегациямиз футбол, аёллар кураши, сувга сакраш ва камондан отиш дастурларида дебют қилишини билдирди.
Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби спорт федерация ва ассоциациялари билан ҳамкорликда улкан иш олиб борилгани, бунинг натижасида тайёргарлик цикли юқори кўрсаткичлар билан якунлангани ҳақида тўхталди. Шунингдек, у Халқаро Олимпия қўмитаси ва Ўйинларнинг ташкилий қўмитаси билан мунтазам равишда алоқа йўлга қўйилгани, делегация аъзолари, спортчи ва мураббийлар учун барча шароитлар яратиб берилишини қўшимча қилди.
Ўз навбатида, Равшан Ирматов футболчиларимизнинг тайёргарлиги, режалар хусусида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Сакен Полатов бокс, Азизжон Камилов дзюдо мисолида спортчиларимизнинг тайёргарлиги якуний паллага киргани, барча жамоаларимиздан юқори натижалар кутилаётгани хусусида гапириб ўтишди.
Июнь ойида ўтган эркин кураш бўйича Будапешт Гран-присининг олтин медаль соҳиби Разамбек Жамалов Бекзод Абдураҳмоновнинг ўрнига бўлажак Олимпиадада -74 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Анжуман давомида журналистлар делегация олдига қўйилган вазифа, спортчиларимизнинг бугунги кундаги ҳолати, бўлажак баҳсларда фаолият олиб борадиган ўзбекистонлик ҳакамлар ва бошқа йўналишлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Россия ОАВ: Ўзбекистонлик шахматчи жаҳон кубогининг энг ёш ғолибига айланди
Ёнғин-қутқарув спорти бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари совриндор бўлди
Ўзбекистон Миллий паралимпия терма жамоаси халқаро турнирда муносиб иштирок этди