Logo

ESPN: Ўзбекистон «оқ бўрилари» футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати юлдузига айланиши мумкин

Январ 16, 2024. 11:03 • 2 дақ

127
ESPN: Ўзбекистон «оқ бўрилари» футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати юлдузига айланиши мумкин

ВАШИНГТОН, 16 январь. /«Дунё» АА/. АҚШнинг нуфузли «ESPN» спорт нашрида «Ўзбекистон 2026 йилги Жаҳон чемпионати юлдузига айланиши мумкин» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қиляпти «Дунё» мухбири.

Мақолада ёзилишича, ФИФА 2026 йилда эркаклар ўртасидаги ўтказиладиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган жамоалар сонини 32 тадан 48 тага оширди. «Бу кўплаб миллий жамоаларга навбатдаги Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини тақдим этади. Мазкур имконият шарофати билан кўплаб мамлакатлар дунёдаги энг йирик ва нуфузли спорт мусобақаси билан боғлиқ эътиборни ҳис қилиши, шунингдек, ўз давлатларида футбол ривожини сезиларли даражада оширишлари мумкин бўлади», – дейилади мақолада.

«ESPN»да эълон қилинган мақолада таъкидланганидек, ўтган ҳафта Қатарда футбол бўйича Осиё кубоги бошланди. Қайд этиш керакки, ФИФА Осиё қитъаси учун жаҳон чемпионатига чиқиш учун йўлланмалар сонини деярли икки баравар оширди ва улар тўрттадан саккизтага этди. Ўзбекистон ушбу ўзгаришларнинг асосий манфаатдорларидан бирига айланиши мумкин.

«Жаҳон чемпионатида мамлакатлар сонини кўпайтирмаган ҳолда ҳам Ўзбекистоннинг имкониятлари жуда юқори, – дейди муаллиф. – Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини «Оқ бўрилар» деб аташади. Мамлакат бош жамоаси Марказий Осиёда энг кучли ва Осиё футболида энг тез ривожланаётган жамоалардан биридир».

Нашрда, шунингдек, Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоалари сўнгги йилларда ажойиб натижалар кўрсатаётгани таъкидланган. «Масалан, ўтган йилнинг ноябрь ойида қитъа миқёсида ярим финалга чиққан Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Индонезияда ўтказилган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида қатнашди ва Англия терма жамоасини сенсацион тарзда мағлуб этди», – маълум қилинган манбада.

«ESPN» Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён бирор маротаба Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритмаганини ҳам урғулаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон терма жамоаси 1996 йилдан бери ҳар бир Осиё кубоги финалига йўлланма олмоқда ва 2004 йилдан буён барча турнирларда плей-офф босқичига йўл оляпти, жумладан, 2011 йилда сардор Сервер Жепаров қўл остида ярим финалга чиққан.

«2023 йил сентябрь ойида Ўзбекистон ўртоқлик мақомидаги баҳсда АҚШга 3:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Мексика билан эса муроса йўлини танлади. Қайд этиш керакки, Ўзбекистон «Оқ бўрилари» Шимолий Америкага реванш олиш учун яна қайтиш илинжида», – деб ёзган «ESPN».

Эслатиб ўтамиз, «ESPN»  дунёдаги етакчи спорт ва кўнгилочар бренд бўлиб, Қўшма Штатларда тахминан 3800 нафар ва бутун дунё бўйлаб 4600 нафар ходимга эга. 30 ёшдан 49 ёшгача бўлган америкаликларнинг деярли ярми «ESPN» телеканалини томоша қилади. «ESPN» онлайн платформаси 24,9 миллион обуначига эга, бу спорт тоифасида рекорддир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш