Сэйки Вазаке: Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё ўйинларидаги муваффақиятли иштироки Япониядаги спорт мухлисларига катта қувонч бағишламоқда

Октябрь 03, 2026. 16:30 • 3 дақ

• 154
Сэйки Вазаке: Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё ўйинларидаги муваффақиятли иштироки Япониядаги спорт мухлисларига катта қувонч бағишламоқда

ТОКИО, 3 октябрь. /“Дунё” АА/. Япониянинг Тюбу университети профессори, Марказий Осиё ва Ўзбекистон бўйича исломшунос эксперт Сэйки Вазаке XX Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари қўлга киритаётган юқори натижалар ҳақидаги фикрларини билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Профессор Сэйки Вазакенинг сўзларига кўра, Ўзбекистон терма жамоасининг турли спорт турлари бўйича муваффақиятлари Япониядаги ўзбек спорти мухлисларига катта қувонч бағишламоқда.

“Назаримда, агар спортчиларимиз мусобақаларнинг қолган босқичларида ҳам шундай юқори фаоллик ва қатъиятни давом эттирсалар, улар янада юқори натижаларга эришиш учун барча имкониятларга эга. Биз, Япониядаги ўзбек спорти мухлислари ижтимоий тармоқлар ва спорт каналларида эълон қилинаётган янгиликларни катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб бораяпмиз.

Хусусан, дзюдо жисмоний, техник ва психологик тайёргарликнинг юқори даражасини талаб қилувчи энг мураккаб спорт турларидан биридир. Спортчилар бу ерда доимий равишда нафақат ўзларининг жисмоний имкониятларини, балки ирода кучи ва руҳий барқарорлигини ҳам синовдан ўтказадилар.

Ўзбекистонлик дзюдочиларнинг бугунги муваффақиятлари тасодифий натижа эмас, балки кўп йиллик тизимли машғулотлар, сезиларли жисмоний юкламалар, юқори даражадаги техник тайёргарлик ва доимий ўсиб бораётган халқаро рақобат шароитидаги изчил ишларнинг натижасидир. Ўзбекистон спортчилари халқаро аренада муносиб спорт маҳорати ва юқори рақобатбардошликни намойиш этмоқдалар.

Япон спорт мухлислари орасида ўзбекистонлик спортчиларнинг ҳозирги юқори натижалари кўп жиҳатдан мамлакат раҳбариятининг спортни ривожлантиришга қараётган тизимли эътибори билан боғлиқ, деган фикр кенг тарқалган. Хусусан, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, ёшларда юқори мотивация, қўйилган мақсадларга эришиш интилишини шакллантириш ҳамда ўз устида доимий ишлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилмоқда.

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан спорт жамоалари ва спортчиларга ҳар томонлама кўмак беришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мусобақаларга тайёргарлик кўриш ва уларда иштирок этиш жараёнида логистика, зарур спорт анжомлари билан таъминлаш, ташкилий ҳамкорлик ва бошқа йўналишларда амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, олдига қўйилган мақсад ва вазифаларга мувофиқ давлат ташкилотлари, спорт муассасалари ва спорт жамоалари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ўзбекистоннинг ёшлар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасидаги бундай ёндашуви Японияда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Зеро, ёш авлодда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спортга қизиқишни ошириш, қўйилган мақсадларга эришиш интилишини ва доимий равишда ўз устида ишлаш маданиятини ривожлантириш нафақат юқори спорт натижаларига эришиш, балки жамиятнинг узоқ муддатли ривожланиши нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эгадир”, — деди япон эксперти.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш