Ўзбекистонлик муай-тай спортчиси “ONE Championship” жаҳон чемпионлик унвони учун курашади

Июнь 05, 2026. 09:55 • 2 дақ

119
Ўзбекистонлик муай-тай спортчиси “ONE Championship” жаҳон чемпионлик унвони учун курашади

БАНГКОК, 5 июнь. /“Дунё” АА/. Бош консулхонада муай-тай бўйича ўзбекистонлик спортчи Асламжон Ортиқов билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда, шунингдек, “TC Muay Thai” мактаби раҳбарияти вакили Паттания Вейчао Чен ва спортчининг бош мураббийи Таньячанит Имсомпхот иштирок этди.

Суҳбат давомида Асламжон Ортиқов спортдаги илк тайёргарлигини “Sport Club Shakhriyor” клубида бошлагани, охирги тўрт йилдан буён эса профессионал фаолиятини Бангкокдаги “TC Muay Thai” мактабида давом эттираётгани қайд этилди. У 2025 йилнинг ўрталарига келиб профессионал спортда 22–0 рекорди билан мағлубиятсиз сериясини сақлаб қолган. “ONE Championship” турнирлари доирасидаги қатор ғалабалари туфайли спортчи ташкилотнинг энг истиқболли ёш жангчилари қаторидан жой олди.

Шунингдек ўқинг

Жорий йилнинг 26 июнь куни Бангкокдаги “Лумпини” (Lumpinee Boxing Stadium) стадионида “ONE Flyweight Muay Thai” йўналиши бўйича жаҳон чемпионлик унвони учун жанг бўлиб ўтади. Ҳамюртимизга доғистонлик спортчи Асадула Имангазалиев рақиблик қилади.

Таъкидлаш жоизки, маҳаллий спорт нашрлари бўлажак жанг юқори техник даражада ва жозибали ўтишини прогноз қилмоқда. Спорт экспертларининг фикрига кўра, ушбу жангда икки нафар ёш ва мағлубият нималигини билмай келаётган спортчи тўқнаш келади, унинг натижаси эса дивизионнинг келажакдаги етакчисини аниқлаб бериши мумкин.

Ўз навбатида, консуллик муассасаси ходимлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўзбек спортчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидладилар. Хусусан, бутун мамлакат бўйлаб замонавий спорт инфратузилмаси яратилаётгани, халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндорларига салмоқли молиявий рағбатлар берилаётгани, спортчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга киришидаги имтиёзлар, шунингдек, тажрибали спортчиларнинг фаолиятини якунлаганидан сўнг мураббийлик ва жамоатчилик соҳасида бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш