Токиода Ўзбекистон–Япония парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Июнь 05, 2026. 11:55 • 2 дақ

88
Токиода Ўзбекистон–Япония парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

ТОКИО, 5 июнь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси томонидан парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида мазкур давлат Парламенти Вакиллар палатаси депутати Шинжи Иноуэ билан учрашув ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат давомида Шинжи Иноуэ жорий йилнинг 1–3 май кунлари Япония ташқи ишлар вазирининг парламентар ўринбосари Арфия Эри бошчилигидаги делегация таркибида Ўзбекистонга амалга оширган хизмат сафари ҳақида тўхталиб ўтди.

У мазкур ташриф унинг Марказий Осиё мамлакатларига амалга оширган биринчи сафари бўлганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, сафар давомида ўтказилган учрашувлар унда катта таассурот қолдирган. Депутат узоқ йиллардан буён Буюк Ипак йўли тарихи ва цивилизациясига қизиқиб келишини алоҳида қайд этиб, Ўзбекистон мазкур тарихий мероснинг муҳим марказларидан бири эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, мамлакатнинг бой маданий мероси, қулай географик жойлашуви, иқтисодий ислоҳотлари ва аҳолиси билан танишиш жараёнида Ўзбекистон улкан иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятга эга давлат эканини янада чуқур англаганини билдирди.

Шунингдек ўқинг

Депутат ташриф доирасида ўтказилган Ўзбекистон–Япония парламентлараро форумининг навбатдаги йиғилиши ҳамда икки мамлакат етакчи сиёсий партиялари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганини юқори баҳолади.

Мулоқот чоғида Шинжи Иноуэ Япония парламентидаги Ўзбекистон–Япония парламентлараро дўстлик лигаси фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди. У мазкур тузилмани икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим сиёсий платформа сифатида баҳолашини айтди.

Шинжи Иноуэнинг таъкидлашича, дўстлик гуруҳи доирасидаги фаолият икки давлат ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, янги ташаббусларни илгари суриш ҳамда иқтисодий ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Учрашув якунида мунтазам мулоқотни давом эттириш ва эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш бўйича яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш