Одил Рено-Бассо: Сўнгги 10 йиллик ислоҳотлар Ўзбекистонни тубдан ўзгартирди

Август 28, 2026. 14:30 • 2 дақ

149
Одил Рено-Бассо: Сўнгги 10 йиллик ислоҳотлар Ўзбекистонни тубдан ўзгартирди

ЛОНДОН, 28 август. /“Дунё” АА/. Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига ўзининг самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:

– Бугунги кунда Ўзбекистон Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Марказий Осиёдаги энг йирик иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Биз мамлакатдаги 218 та лойиҳага жами 7,3 миллиард евродан зиёд сармоя киритдик ва унинг учдан икки қисми хусусий секторни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Бу рақамлар Ўзбекистон ва халқаро инвесторлар ўртасидаги ишонч муттасил мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Сўнгги ўн йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг инвестициявий муҳитини тубдан ўзгартирди. Хусусийлаштириш, ер ости бойликларидан фойдаланиш ва электр энергияси каби йўналишлардаги янги қонунлар иқтисодиётни янада ривожлантирди. Бундан ташқари, ЕТТБ ҳамраислик қиладиган Хорижий инвесторлар кенгаши сингари йирик институтлар сармоядорларнинг фикр ва таклифлари инобатга олинишини ҳамда амалда ўз аксини топишини таъминламоқда.

Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси портфелига кирувчи компаниялар акцияларининг Лондон фонд биржасида жойлаштирилиши муҳим босқичлардан бири бўлди. Бу мамлакат акцияларининг халқаро капитал бозорида илк бор оммавий жойлаштирилиши бўлиб, ўтказилаётган ислоҳотлар аниқ ва амалий натижалар бераётганининг ишончли далилига айланди.

Шунингдек ўқинг

Албатта, ҳали ечимини кутаётган вазифалар мавжуд. Давлат корхоналари иқтисодиётда ҳамон юқори ўринни эгаллаб турибди. Инфратузилмани модернизация қилишда давом этиш, капитал бозорларни кенгайтириш, банк тизимини ислоҳ қилиш ва корпоратив бошқарувни мустаҳкамлаш зарур.

ЕТТБ стратегияси айнан мана шу устувор йўналишларга асосланади. Иқтисодиётни такомиллаштириш, маҳаллий банклар орқали кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, корпоратив бошқарувни юксалтириш ва хусусийлаштириш жараёнларини ривожлантиришга қаратилган.

Мустақилликнинг 35 йили, ислоҳотларнинг 10 йиллиги муборак бўлсин.

Биз тараққиётнинг янги, янада юксак босқичини катта ишонч ва интилиш билан кутмоқдамиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш