Ванесса Ахужа: Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик келгусида ҳам ўзаро манфаатлар асосида янада ривожлансин

125
Ванесса Ахужа: Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик келгусида ҳам ўзаро манфаатлар асосида янада ривожлансин

БЕРЛИН, 28 август. /“Дунё” АА/. Германия Федерал меҳнат агентлиги бошқарув аъзоси ва халқаро масалалар бўйича директор Ванесса Ахужа Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриклари ва эзгу тилакларини йўллади:

– Ўзбекистон сўнгги йилларда улкан тараққиётга эришди. Айниқса, иқтисодиётни либераллаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига киритилаётган инвестицияларни алоҳида таъкидлаш лозим. Шу билан бирга, мамлакатнинг халқаро ҳамкорликка тобора кенг очилиб бораётгани муҳим аҳамиятга эга.

Европа давлатлари, жумладан, Германия билан шерикликнинг кенгайиши, айниқса, меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик икки томон учун ҳам янги имкониятлар яратмоқда.

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланмоқда. Федерал меҳнат агентлиги ҳам ушбу жараёнга муҳим ҳисса қўшиб келмоқда.

Хусусан, агентлигимиз Германия–Ўзбекистон миграция соҳасидаги келишувни амалга ошириш механизмини шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. 2025 йил баҳорида Ўзбекистон Миграция агентлиги билан Германияга адолатли ва тартибли меҳнат миграциясини ривожлантиришга қаратилган келишув имзоланди.

Бу борадаги амалий лойиҳалардан бири – “Future International Talents for German Climate Businesses” (FIT) дастуридир. Мазкур лойиҳа орқали Ўзбекистондан малакали мутахассисларни, хусусан, табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ техник ва ҳунармандчилик соҳаларида Германия меҳнат бозорига жалб этиш назарда тутилади.

Шунингдек, APAL – Осиё ва Лотин Америкаси мамлакатлари билан касбий таълим соҳасидаги ҳамкорлик дастури доирасида ёшларга Германияда техник, ишлаб чиқариш ва ҳунармандчилик йўналишлари бўйича дуал касбий таълим олиш имконияти яратилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ҳамкорлигимиз нисбатан янги бўлишига қарамай, қисқа давр ичида катта тажриба тўпладик. Ўзаро ишонч ҳамда ҳурматга асосланган шериклик шаклланмоқда. Лойиҳаларимизда иштирок этаётган ўзбекистонлик ёшларнинг юқори мотивацияси, билим ва касб эгаллашга бўлган интилиши катта таассурот қолдирди. Бунга ҳам Ўзбекистонда, ҳам Германия корхоналарида шахсан гувоҳ бўлдим.

Йўлга қўйилаётган ҳамкорлик муносабатлари ҳар икки томон, энг аввало, унда иштирок этаётган ёшлар учун манфаатлидир. Германия малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини мақсадли равишда қисқартириш, шу орқали иқтисодиёти учун янги имкониятлар яратиш имконига эга бўлади. Ўзбекистонлик ёшлар эса янги касбий билим ва халқаро тажрибага эга бўлади.

Тартибли ва адолатли меҳнат миграцияси нафақат меҳнат бозори эҳтиёжларини қондириш, балки инсон капитали ривожига ҳам хизмат қилади. Келажакда ҳамкорликни янада кенгайтириб, малакали мутахассисларни жалб этишнинг ишончли, адолатли ва барқарор механизмларини биргаликда ривожлантиришни истаймиз.

Мақсадимиз – келгусида Германия меҳнат бозорига Ўзбекистондан янада кўпроқ малакали мутахассисларни жалб этиш ва бу жараённи ҳар икки давлат манфаатларига мос равишда барқарор ривожлантиришдир.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқи ва мамлакатнинг Германиядаги барча ҳамкорларини Мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик келгусида ҳам ўзаро манфаатлар асосида янада ривожлансин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш