Уве Кнотцер: Ўзбекистон ўз келажагига сармоя киритиб, янги имкониятлар яратмоқда

Сентябрь 10, 2026. 18:30 • 3 дақ

109
Уве Кнотцер: Ўзбекистон ўз келажагига сармоя киритиб, янги имкониятлар яратмоқда

БЕРЛИН, 10 сентябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг “Knauf Group” компанияси ижрочи ҳамкори Уве Кнотцер “Дунё” ахборот агентлиги орқали мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига ўзининг самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:

– Ўтган йиллар давомида биз Ўзбекистоннинг сезиларли тараққиётига гувоҳ бўлдик. Мамлакат халқаро ҳамкорлик учун тобора очиқ бўлиб бормоқда, саноат ва инфратузилмага сармоя киритмоқда ҳамда узоқ муддатли инвестициялар учун қулай шароитлар яратмоқда.

“Knauf” Ўзбекистонда 1999 йилдан бери фаолият юритиб келаётган ва мамлакатга катта сармоя киритган компаниялардан биридир. Биз нафақат қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, балки касб-ҳунар таълими, технологиялар трансфери ва юқори сифат стандартларини жорий этишга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан фахрланамиз.

2009 йилда Бухоро вилоятида қуруқ гипс аралашмалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ушбу лойиҳа айни пайтда замонавий гипсокартон ишлаб чиқариш корхонасига айланган. Бугунги кунда Ўзбекистонда компаниямизнинг учта гипс ишлаб чиқариш корхонаси мавжуд.

Яна бир муҳим ютуқларимиздан бири – Тошкент шаҳрида минерал пахта (mineral wool) ишлаб чиқаришни йўлга қўйганимиз. Бу энергия самарадорлиги юқори ва барқарор бинолар учун ортиб бораётган талабни қондиришга хизмат қилмоқда.

Биз анча пайтдан буён юқори малакали ва фидойи ўзбекистонлик мутахассислар билан бирга ишлаб келаяпмиз. Инвестор нуқтаи назаридан айтадиган бўлсам, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар очиқлик, саноат тараққиёти ва илғор ташаббусларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда давлат идоралари ва тадбиркорлар ўртасидаги шериклик тобора кенгаймоқда.

Шунингдек ўқинг

Тизимдаги барқарорлик, соғлом рақобат ҳамда қабул қилинган қарорларнинг ўз вақтида самарали ижроси Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширади.

Ўзбекистонда энергия самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Касб-ҳунар таълими ва малака ошириш, саноатни рақамлаштириш ҳамда илғор ишлаб чиқариш соҳаларида катта салоҳиятни кўряпман.

Бу ривожланишга Германия ўз технологиялари, муҳандислик ечимлари ва саноатдаги кўп йиллик тажрибаси билан ҳисса қўшиши мумкин. Ўзбекистон эса ўсиб бораётган бозор, ёш ва салоҳиятли кадрлар ҳамда Марказий Осиёдаги иқтисодий марказ сифатида тобора юксалмоқда.

Германия компанияларига Ўзбекистонни нафақат истиқболли бозор, балки узоқ муддатли саноат ҳамкорлиги учун ишончли шерик сифатида тавсия қиламан. Бизнинг 20 йилдан ортиқ давр мобайнидаги тажрибамиз буни яққол исботлади.

Мамлакат ўз келажагига сармоя киритмоқда, янги имкониятлар яратмоқда ва минтақадаги муҳим иқтисодий шерик сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Бу эса ҳамкорлигимиз келажагига бўлган ишончимни янада мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий табриклаган ҳолда, мамлакатга модернизация ва иқтисодий тараққиёт йўлида янги муваффақиятлар тилайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш