Йоханн Заатхофф: Ўзбекистон Германия ва Европанинг Марказий Осиёдаги муҳим шеригига айланмоқда

Сентябрь 09, 2026. 12:00 • 3 дақ

163
Йоханн Заатхофф: Ўзбекистон Германия ва Европанинг Марказий Осиёдаги муҳим шеригига айланмоқда

БЕРЛИН, 9 сентябрь. /“Дунё” АА/. Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ) парламент давлат котиби Йоханн Заатхофф “Дунё” ахборот агентлиги орқали Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртдошларимизга табрик ва эзгу тилакларини йўллади.

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон сезиларли муваффақиятларга эришди. Касб-ҳунар таълими, бандлик, давлат бошқаруви ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ислоҳотлар мамлакат тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бундай кенг кўламли ўзгаришлар самарасини тўлиқ кўрсатиши учун вақт ва зарур шароитлар керак, албатта. Табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш, ҳуқуқий давлат институтларини мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш Ўзбекистон учун янги имкониятлар яратмоқда.

Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳар икки мамлакат учун муҳим бўлган истиқболли йўналишларга қаратилган. Жумладан, ресурсларни бошқариш соҳасида BMZ сувдан самарали фойдаланиш учун зарур инфратузилмани ривожлантириш ва техник жиҳозлашга кўмаклашмоқда. Иқлим ўзгариши кучайиб бораётган шароитда сув ресурсларидан фойдаланиш тизимини Марказий Осиёнинг экологик талабларига мослаштириш айниқса муҳим.

Ўзбекистон ёшларига касб ўргатиш жараёнида иштирок этаётганимиздан мамнунмиз. Бу йўналишда хусусий сектор билан яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Дуал ва амалиётга йўналтирилган касб-ҳунар таълими дастурларини ишлаб чиқмоқдамиз. Ёш мутахассисларни тайёрлайдиган корхоналар учун молиявий рағбатлантириш механизмларини яратмоқдамиз. Ёшларга касб танлаш, профессионал йўналишини белгилаш ва меҳнат фаолиятини режалаштириш бўйича маслаҳат хизматларини ҳам таклиф қиляпмиз.

Минтақавий ҳамкорликка асосланган ёндашув Германиянинг Марказий Осиёдаги ривожланишни қўллаб-қувватлаш фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланди.

Бугунги долзарб масалалар – иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан фойдаланиш ва энергетика миллий чегаралар билан чекланмайди. Шу боис, уларни фақат биргаликда ҳал қилиш мумкин. Яқин минтақавий ҳамкорлик давлатлар ўртасида ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, барқарорликни таъминлаш ва узоқ муддатли иқтисодий тараққиёт учун янги имкониятлар яратади. Ўзбекистон бу борада муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Бу бутун минтақа учун катта аҳамиятга эга.

Ўтган 35 йил давомида Ўзбекистон улкан трансформация йўлини босиб ўтди. Мамлакатнинг минтақавий ва халқаро иқтисодий муносабатларга очилиши алоҳида эътирофга лойиқ. Бу жараён кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар билан бирга амалга оширилмоқда. Ўзбекистондаги ўзгаришлар бутун Марказий Осиё учун муҳим намунага айланиб, минтақада инновацияларни ривожлантиришга туртки бермоқда.

Ўзбекистон бугун Германия ва Европа учун Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорлардан бирига айланди. Ҳамкорлигимиз бир-биримиздан ўрганиш ва глобал муаммоларга биргаликда ечим топишга асосланган.

Ўзбекистонни “Янгиланиш ва тараққиёт” дея ифодалаш мумкин. Сўнгги йиллардаги ўзгаришлар Ўзбекистон халқи, Марказий Осиё минтақаси ва халқаро ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратди. Бу жараён инсонда келажакка ишонч ва янги марралар сари интилиш руҳини уйғотади.

Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан чин дилдан табриклайман. Бу сана эришилган ютуқларни муносиб баҳолаш ва келажакка ишонч билан қараш учун яхши имкониятдир.

Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва юксак тараққиёт тилайман. Германия бу борада Ўзбекистонни доим қўллаб-қувватлашга тайёр.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш