Япония парламентида “Мустақиллик зафарномаси” китоб-альбоми тақдимоти ўтказилди

Сентябрь 24, 2026. 14:30 • 2 дақ

72
Япония парламентида “Мустақиллик зафарномаси” китоб-альбоми тақдимоти ўтказилди

ТОКИО, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Япония парламентида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Мустақиллик зафарномаси” китоб-альбоми тақдимоти ҳамда “Ўзбекистон–Япония: дўстлик, ишонч ва келажак сари ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази, “Ватандошлар” жамоат фонди ва юртимизнинг Япониядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Учрашувда ушбу давлат парламенти депутатлари, Ўзбекистон–Япония дўстлик лигаси аъзолари, бизнес ва эксперт доиралари, университетлар, ОАВ вакиллари ҳамда ватандошлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатнинг 35 йиллик мустақил тараққиёт йўли, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Икки мамлакат ўртасидаги тарихий дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч, парламентлараро алоқаларнинг стратегик шерикликни ривожлантиришдаги аҳамияти таъкидланди.

Япония–Ўзбекистон уюшмаси раиси, мамлакатнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Фумихико Като “Мустақиллик зафарномаси” китоб-альбоми Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти ва ислоҳотлари ҳақида кенг тасаввур беришини эътироф этди.

Шунингдек, Фумихико Като энергетика, транспорт, тиббиёт, телекоммуникация, IT, кино ва анимация ҳамда таълим соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Тадбир доирасида икки мамлакат муносабатларига бағишланган видеороликлар намойиш этилди. Иштирокчилар Ўзбекистондаги ислоҳотлар, мамлакат тараққиёти ва икки томонлама стратегик шериклик истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Тадбир мамлакатимизнинг мустақиллик йилларидаги тараққиётини япон жамоатчилигига кенг танитиш, парламентлараро ва жамоатчилик дипломатияси орқали Ўзбекистон–Япония муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш