Токиода Ўзбекистон тарихига бағишланган фотокўргазма намойиш қилинмоқда
Август 18, 2026. 10:02 • 2 дақ
• 38ТОКИО, 18 август. /“Дунё” АА/. Токиодаги Ханзомон музейида Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий мероси ва бугунги ҳаётига бағишланган фотокўргазма намойиш этилмоқда, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Япония фотографлар жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган экспозиция 12 августдан 27 сентябрга қадар давом этади. Кўргазма мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган.
Экспозициядан Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, меъморий обидалари, шаҳарлари, табиати, маданий мероси ва аҳолининг кундалик ҳаётини акс эттирувчи фотосуратлар ўрин олган.
Кўргазманинг муҳим қисмларидан бири “Ўзбек фотографиясига 125 йил: 1879–1990” махсус экспозициясидир. Унда ноёб архив фотосуратлари орқали мамлакатимизнинг турли даврлардаги ижтимоий ҳаёти, шаҳар қиёфаси, меъморий ёдгорликлари ва аҳоли турмуш тарзи намоён этилган.
Мазкур экспозициянинг Ханзомон музейида ташкил этилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Музейнинг Гандхарадан Марказий Осиё ва Хитой орқали Япониягача бўлган ҳудудларда буддавий санъат тараққиётини акс эттирувчи коллекциялари Ўзбекистоннинг тарихан турли маданият ва цивилизациялар туташган ҳудуд сифатидаги ўрни билан уйғунлашади.
Япония фотографлар жамиятининг “Tokyo Photo Month – 2026” лойиҳаси продюсери Кёко Камия таъкидлаганидек, ўзбек фотографияси тарихи ва бадиий меросининг намойиш этилиши Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида алоҳида рамзий аҳамият касб этади.
Кўргазма икки халқ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросини Японияда кенг тарғиб қилиш ҳамда янги қўшма лойиҳалар учун замин яратишга хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



