Ван Бо: Корпорациямизнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари ҳажми қарийб 2 миллиард долларга етди

Август 17, 2026. 08:10 • 3 дақ

80
Ван Бо: Корпорациямизнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари ҳажми қарийб 2 миллиард долларга етди

ПЕКИН, 17 август. /“Дунё” АА/. Хитойдаги “China CAMC Engineering” корпорацияси бошқаруви раиси Ван Бо мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Бу йил Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланади. Ушбу юбилей Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни қуриш бўйича амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг янги босқичи бошланганига ўн йил тўлиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Тараққиётнинг янги тамойиллари асосида Ўзбекистон ҳайратланарли ўсиш суръатларини намоён этмоқда, жамият изчил ривожланиб, халқ фаровонлиги юксалиб бормоқда.

2017 йилда Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ишга туширилганидан буён мамлакатда мутлақо янги ишбилармонлик муҳити яратилди. Бу эса иқтисодий салоҳиятнинг доимий рўёбга чиқарилиши ва тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучлари жадал тўпланишига хизмат қилмоқда.

Ривожланиш тенденциясини рақамлардан ҳам билиш мумкин. 2025 йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 147 млрд долларга етди ва жалб қилинган инвестициялар ҳажми 43,1 млрд долларни ташкил этди.

Бугунги кунда дунё учун кенг очилган Ўзбекистон барқарор ривожланиш ва сармоя киритиш нуқтаи назаридан жозибадор мамлакатга айланди.

Хитой Ўзбекистоннинг сармоялар соҳасидаги энг йирик ҳамкорига айланди ва уларнинг умумий ҳажми 2025 йилда 18 млрд долларга етди.

Халқаро кредит рейтинги муттасил ўсиб, бозор салоҳияти тўлиқ очилаётган бугунги Ўзбекистон минтақадаги сармоялар учун энг жозибадор муҳитга айланди. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги янги даврдаги ҳар қандай об-ҳавога чидамли ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари тобора чуқурлашиб, амалий мазмун касб этмоқда.

Компаниямиз Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритмоқда. Биз маҳаллий иқтисодиётга чуқур интеграциялашув, ўзаро манфаатдорлик ва биргаликдаги ғалаба тамойилларига доимо содиқ қоламиз. Мамлакатдаги лойиҳаларимизнинг умумий ҳажми 2 млрд долларга яқинлашмоқда.

Марказий Осиёдаги энг йирикларидан бири бўлган Олимпия шаҳарчаси қурилиши муваффақиятли якунланди. Тошкент ва Андижон шаҳарларида қаттиқ маиший чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳалари жадал суръатлар билан қурилмоқда ва бу “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларини амалга оширишга сезиларли даражада кўмаклашмоқда.

Биз “яшил” саноат, энергетика, транспорт алоқалари ва рақамли технологиялар каби асосий йўналишларга эътибор қаратган ҳолда, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ўзаро уйғун ривожланишига ҳисса қўшишда давом этамиз.

Маҳаллий бозорда кенг фаолият юритишни давом эттирамиз ва Ўзбекистоннинг энг ишончли ҳамда барқарор узоқ муддатли стратегик шеригига айланиш учун бор саъй-ҳаракатларимизни сафарбар қиламиз.

Ўзбекистонга фаровонлик, барқарорлик ва мангу тинчлик доим ёр бўлсин! Мамлакат халқига осуда ва бахтли ҳаёт, сиҳат-саломатлик ва мўл-кўлчилик тилайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш