Януш Пехочиньский: Ўзбекистон Марказий Осиёнинг муҳим транспорт-логистика ва инвестиция марказига айланиб бормоқда

Август 28, 2026. 20:30 • 3 дақ

69
Януш Пехочиньский: Ўзбекистон Марказий Осиёнинг муҳим транспорт-логистика ва инвестиция марказига айланиб бормоқда

ВАРШАВА, 28 август. /“Дунё” АА/. Польша–Осиё савдо-саноат палатаси президенти Януш Пехочиньский мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Бугун Ўзбекистон халқаро майдонда тобора кўпроқ қизиқиш уйғотаётган ва ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётган мамлакатга айланмоқда. Сўнгги йилларда иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатлари кузатилиб, ЯИМ ўсиши 6–6,5 фоизни ташкил этмоқда.

Албатта, бу жараёнда давлат раҳбари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ўрни катта. Шу билан бирга, ёш ва салоҳиятли аҳоли, иқтисодиётни модернизация қилиш учун яратилган шароит, нисбатан рақобатбардош ишчи кучи ҳамда бой хомашё базаси муҳим замин яратмоқда.

Айниқса, IT ва сунъий интеллект соҳаларининг жадал ривожланиши Ўзбекистоннинг янги иқтисодий устуворликларидан бирига айланди. Ахборот технологиялари ва рақамли хизматлар экспорти кенгайиб, малакали кадрлар салоҳияти ортиб бормоқда. 2025 йилда IT хизматлари экспортининг 1 миллиард доллардан ошгани мамлакатнинг рақамли иқтисодиётдаги имкониятлари юқори эканини кўрсатади.

Ўзбекистонда хорижий инвестицияларни жалб қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва хусусий сектор учун қулай шароитлар яратиш борасидаги ислоҳотлар ҳам мамлакатнинг иқтисодий жозибадорлигини оширмоқда. Тошкент халқаро инвестиция форуми хорижий инвесторлар, халқаро молия институтлари ва йирик компаниялар билан мулоқот қилишнинг муҳим платформасига айланди. Тарихий-маданий мерос, транспорт инфратузилмаси ва сайёҳлар учун яратилаётган имкониятлар Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим туризм маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда.

Шунингдек ўқинг

Мамлакатнинг ташқи сиёсатида ҳам очиқлик, прагматизм ва кўп векторли ёндашув устувор аҳамият касб этмоқда. Қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, чегара, сув ресурслари, транспорт-коммуникация ва хавфсизлик масалаларини мулоқот орқали ҳал этиш Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорликка қўшаётган ҳиссасини оширмоқда.

Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан савдо, инвестиция, транспорт-логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва илмий алмашинув соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари катта. Бу жараёнда Польша муҳим шерик сифатида алоҳида ўрин тутади.

Польшадаги транспорт-логистика, энергетика, аграр ва озиқ-овқат саноати, электрон тижорат ҳамда Европа бозорига чиқиш бўйича тажриба Ўзбекистон учун амалий аҳамиятга эга. Қўшма корхоналар ташкил этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва университетлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш икки мамлакат муносабатларига янги мазмун бағишлайди.

Келгуси 10–15 йилда Ўзбекистонни ёш ва рақобатбардош иқтисодиётга эга, Марказий Осиёнинг муҳим транспорт-логистика ва инвестиция марказларидан бири сифатида тасаввур қилиш мумкин. Бунда IT, сунъий интеллект, саноатни модернизация қилиш, автомобильсозлик ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш муҳим ўсиш нуқталари бўлади. Географик жойлашуви мамлакатга Европа ва Осиёни боғловчи янги транспорт коридорларида ўз мавқеини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан чин кўнгилдан табриклайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш