Истанбулда ватандошлар иштирокида учрашувлар ўтказилди
Сентябрь 08, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 86ИСТАНБУЛ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ушбу ҳудуддаги ватандошлар иштирокида қатор учрашувлар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирларда юртимиздан ташриф буюрган Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Обидхон Икромов ва Одилжон Жабборов ҳам иштирок этди.
Истанбулдаги олий таълим муассасаларининг илоҳиёт ва ислом илмлари йўналишларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан бўлиб ўтган мулоқотда таълим жараёни, турмуш тарзи ва яшаш шароитлари билан яқиндан танишилди, кундалик ҳаётда дуч келаётган муаммо ва эҳтиёжлари ўрганилди.
Маърузачилар томонидан сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар ва эришилган ютуқлар эътироф этилди. Жумладан, диний таълим тизимини такомиллаштириш, ислом илмларини чуқур ўрганиш ва малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги ислоҳотлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Арнавуткўй туманида «Калён» компаниясида ишлаётган 150 нафар ватандошимиз билан учрашувда уларнинг меҳнат шароитлари, иш ҳақи ва ижтимоий масалалари хусусида фикр алмашилди, оилалари билан боғлиқ эҳтиёжлари ўрганилди.
Башакшеҳир туманидаги консуллик сайёр қабулида Туркияда истиқомат қилиб келаётган ватандошларимизнинг керакли ҳужжатларини расмийлаштириш, фуқаролик ҳолати далолатномалари, паспорт ва бошқа консуллик масалалари бўйича мурожаатлари қабул қилиниб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди.
Учрашувларда мустақилликнинг 35 йили мобайнида мамлакатимизда эришилган ютуқлар, сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшлар ва чет элдаги ватандошларимиз учун яратилаётган имконият ва шароитлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Мулоқотлар давомида миллий ўзликни сақлаш, ўзбек тили ва маданиятини тарғиб қилиш, ватандошларимиз ўртасида маданий-маърифий тадбирларни тизимли равишда ташкил этиш бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



