Logo

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида "BMB VILLAGE" мажмуаси очилди

Май 22, 2025. 14:19 • 2 дақ

88
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида "BMB VILLAGE" мажмуаси очилди

ЖИЗЗАХ, 22 май. /"Дунё" АА/. Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида BMB HOLDING таркибидаги "BMB VILLAGE" мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

BMB HOLDING ахборот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 5 январдаги "Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида белгиланганидек, магистраль йўлларда туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида туристик инфратузилма объектларини бунёд этиш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланган. 

Мазкур фармонда илгари сурилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, BMB HOLDING Жиззах вилоятида туризм ва сервис соҳасини ривожлантиришга қаратилган навбатдаги йирик лойиҳа – BMB VILLAGE мажмуасини ишга туширди. Замонавий услубда барпо этилган мазкур мажмуа холдинг томонидан бу йил фойдаланишга топширилган учинчи объект бўлиб, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидан ўтувчи М-39 магистрал йўли ёқасида жойлашган. Кўп тармоқли BMB VILLAGE мажмуаси 45 кишилик энг замонавий дизайнда қурилган меҳмонхона, ресторан, автотураргоҳ, автомобилларни ювиш шаҳобчаси ҳамда кийим ювиш хизматидан иборат.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллиард сўм бўлиб, бу орқали Жиззах вилоятида ички ва ташқи туризмни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантириш назарда тутилган. Қолаверса, BMB HOLDING ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа нафақат иқтисодий аҳамиятга эга, балки маданий-маърифий жиҳатдан ҳам аҳолининг эҳтиёжларига жавоб беради.

Эслатиб ўтамиз, бу каби BMB VILLAGE мажмуасининг дастлабкиси Ҳолдинг томонидан 2024 йилнинг ноябрь ойида Тошкент вилоятининг Чиноз туманида фойдаланишга топширилган эди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ҳолдинг келгусида BMB VILLAGE мажмуасини республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам ишга туширишни ўз олдига мақсад қилган.

Бир сўз билан айтганда, BMB HOLDING қайси йўналишда фаолият олиб бормасин, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида барпо этилаётган Янги Ўзбекистонни янада гуллаб-яшнаши, халқимиз фаровонлигини ошириш ва Ватанимиз тараққиёти йўлида ўзининг барча имкониятлари ҳамда салоҳиятини ишга солишда давом этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш