Ўзбекистонда заъфарон қуритиш ва қайта ишлаш корхонаси очилади
Октябрь 07, 2024. 12:09 • 4 дақ
• 1050
ТОШКЕНТ, 7 октябрь. /"Дунё" АА/. Эртага Жиззах вилоятининг Бахмал туманида жойлашган заъфарон плантацияларини кенгайтириш, қуритиш ва қайта ишлаш лойиҳасининг тантанали очилиш маросими ўтказилади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"BMB HOLDING" ахборот хизмати маълумотига кўра, заъфарон – дунёдаги энг қиммат ва ноёб зираворлардан бири бўлиб, қўлланилиш соҳаларининг кўплиги, етиштириш ва ишлаб чиқариш жараёнларининг мураккаблиги, соғлиқ учун фойдали хусусиятлари ҳамда қиймати юқорилиги нуқтаи назардан "қизил олтин" дея эътироф этилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам юқори сифатли заъфарон етиштиришда салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, Жиззах вилояти ҳудудидаги заъфарон плантацияларида етиштирилаётган заъфарон асосида "BMB HOLDING" томонидан BMB Za’faron бренди яратилиб, бугунги кунда мазкур бренд остида 15 дан ортиқ заъфаронли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 120 миллион евро бўлиб, 70 миллион евро хорижий инвестициялар, 13 миллион евро "Ўзсаноатқурилишбанк" кредит ресурслари ҳамда 37 миллион евро ўз маблағи ҳисобланади.
Ҳолдинг ҳамда Италиянинг "FIN.OPERA SRL" компанияси билан ҳамкорликда "BMB-OPERA ZAFFERANO" корхонаси ташкил этилди, умумий ҳисобда 80 миллион евро инвестициядан ҳозирги кунга қадар 60,8 миллион евро миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилди, қарийб 120 та доимий ва 25 минг нафар мавсумий иш ўринлари яратилди. Бугунги кунга келиб, заъфарон плантацияларининг умумий майдони 700 гектарни ташкил этмоқда.
Лойиҳа ҳудуд учун нафақат иқтисодий балки ижтимоий аҳамият касб этганлиги ҳам эътиборга молик. Бинобарин, 2.5 километрга яқин йўлларга суюқ бетон қопламаси ётқизилди, 25-30 км узунликда электр тармоқлари тортиб келинди ҳамда ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Статистикага қарайдиган бўлсак, 2021 йилда 1,2 миллион евро, 2022 йилда 2,7 миллион евро, 2023 йилда 4,5 миллион евро заъфарон маҳсулотлари экспорт қилинди. Бу йил эса мазкур рақамлар яна бир неча баробар ўсиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 8-9 июнь кунлари Италияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида заъфарон плантация майдонларини кенгайтириш орқали инвестиция миқдорини 80 миллион еврога етказиш бўйича келишувга эришилди.
Натижада, давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятига амалга оширган ташрифи давомида вилоятда заъфарон плантацияларини 2 минг гектарга етказиш ва бу орқали 250 доимий, 50 минг мавсумий иш ўрни яратиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Жумладан, 2024-2026 йилларда Бахмал, Ғаллаорол ва Зомин туманларида 1,3 минг гектарда заъфарон плантацияларини ташкил этиш, бунда, 2024 йилда Бахмал туманида 300 гектар, 2025 йилда Ғаллаорол ва Зомин туманларида 500 гектардан ер майдонларида заъфарон пиёзбошиларни экиш назарда тутилди. Жорий йилнинг 8 октябрь куни мазкур лойиҳанинг мантиқий давоми сифатида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида жойлашган заъфарон плантацияларини кенгайтириш, қуритиш ва қайта ишлаш лойиҳасининг тантанали очилиш маросими ўтказилади. Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Пресс-турда, плантация, заъфарон пиёзбошиларини намунавий тартибда экиш жараёни, қуритиш ва қайта ишлаш корхонаси фаолияти таништирилди.
Маълумот ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, "BMB Za’faron" бренди остидаги маҳсулот Европанинг "Analisi Chimiche Ed Ecologiche Sas", "Laboratori di Ricerche Analitiche e Tecnologiche su Alimenti e Ambiente" (Италия), "QC LAB McCormick France" (Франция) ҳамда Чонг Кинингсон (Жанубий Корея) лабораторияларида икки босқичли чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилган бўлиб, заъфарон намуналари ISO 3632-1/2011 халқаро стандартлари асосида ўтказилган таҳлил натижасида ранг, ҳид ва таъм кўрсаткичлари бўйича I-категория сифат даражаси сертификатига эга бўлди.
Шу билан бирга, Control Union Certifications (Нидерландия) ташкилоти мутахассислари томонидан заъфарон плантациясида маҳсулотни экиш, етиштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш, териб олиш, қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш жараёнлари тўлиқ ўрганилиб, BMB Za’faron`га USDA ORGANIC сертификати тақдим қилинди.
USDA organic — бу АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган экологик сертификат. Сертификатлаш фақат малакали ва ваколатли USDA organic ходимлари томонидан амалга оширилади. USDA ёки Миллий органик стандарт мамлакат фуқароларини соғлом ва табиий органик маҳсулотлар истеъмолига ўтказиш учун ноёб миллий дастурнинг бир қисми сифатида қабул қилинган. Бугунги кунда USDA organic деб белгиланган маҳсулотлар камида 95 фоиз экологик тоза табиий ингредиентларни ўз ичига олиши кафолатланади.
Қолаверса, бир неча йиллик чуқур ва таҳлилий текширувлардан кейин Ўзбекистон ва Хитой идоралараро комиссияси хулосасига кўра, ўзбек заъфаронини Хитойга экспорт қилиш бўйича тегишли рухсатномага эга бўлди. Бу орқали дунёнинг энг йирик бозори ҳам ўзбек "қизил олтин"и учун ўз эшикларини очди.
Шунингдек, Италиянинг Милан шаҳрида "BMB Spices & Herbs" Италия - Ўзбекистон қўшма корхонаси таъсис этилган бўлиб, ўзбек заъфарони Европа бозорларига "ORO ROSSO Milano" бренди остида экспорт қилинмоқда.
Яна бир эътиборли томони шундаки, заъфарон майдонларида польшалик мутахассислар билан ҳамкорликда синов тариқасида AgroNanoGel Basic гидрогель маҳсулотини қўллай бошланди. Гидрогель ўсимликлар учун сув заҳирасидир. Унинг қўлланилиши бутун вегетация даврида ўсимликлар учун оптимал сув шароитларини таъминлайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалигида гидрогелнинг қўлланилиши 40-45 фоизгача сувни тежаш имкониятини беради. Ушбу маҳсулот синов якунига кўра оммалаштирилади, қолаверса, заъфарон ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларида сув сарфини сезиларли даражада камайтиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
