Logo

Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Россияда ишлаш рухсатномасини расмийлаштириш маркази раҳбарияти билан учрашдилар

Февраль 18, 2025. 09:29 • 46 сония

129
Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Россияда ишлаш рухсатномасини расмийлаштириш маркази раҳбарияти билан учрашдилар

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 18 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Санкт-Петербург шаҳридаги "Единый центр документов" маъсулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Oлег Сковпень билан учрашдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Музокаралар чоғида миграция соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Бош консулхона ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ваколатхонаси ходимларининг ушбу марказ ҳудудида юртдошларимиз учун қабул кунларини ташкил этиш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.

Oлег Сковпень марказ фаолияти ҳақида батафсил сўзлаб берди. Қайд этилишича, 2010 йилда очилган мазкур ташкилот "ягона дарча" тамойилидан фойдаланган ҳолда хорижий фуқароларни Россия ҳудудида қонуний бўлишлари учун керакли ҳужжатларни расмийлаштириш хизматларини кўрсатувчи платформа ҳисобланади.

"Единый центр документов" Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятидаги 3 минг мигрантга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Хорижий фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида уларни қонунийлаштириш жараёнини соддалаштиришга қаратилган "PatentMobile" мобиль иловаси ишлаб чиқилган.

Учрашув якунида томонлар ушбу таклифни амалга ошириш бўйича мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш