Ўзбекистонлик ёшларни халқаро круиз кемалари ва меҳмонхоналарда иш билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинди
Ноябрь 28, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 158
АБУ-ДАБИ, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг БААдаги элчихонаси ва Миграция агентлиги вакиллари “QE2 Hospitality Academy” директори Патрик Кудин билан онлайн мулоқот ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
БАА вакиллари билан суҳбат чоғида Ўзбекистонда академия филиалини ташкил этиш, халқаро круиз индустрияси ва меҳмонхона бизнеси учун малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни хорижда иш билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Музокаралар давомида ўзбекистонлик ёшларни юртимизда халқаро стандартлар асосида касбга ўқитиш, хорижда амалий тайёргарликдан ўтказиш ҳамда нуфузли круиз кемалари ва меҳмонхоналарда муносиб иш ўринларига жалб этиш борасида фикр алмашилди.
Мазкур ташаббус ёшларимиз учун халқаро меҳнат бозорида янги имкониятлар яратиш, замонавий касбларни эгаллаш ва халқаро тажриба орттиришда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, мамлакатимиз туризм ва меҳмонхона хизматлари соҳасини малакали мутахассислар билан таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, томонлар ҳамкорликнинг қўшимча йўналиши сифатида ўзбекистонлик IT мутахассисларини ишга жалб этиш имкониятларига ҳам тўхталиб ўтди.
Учрашув якунида иштирокчилар муҳокама қилинган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолашга келишиб олди.
“QE2 Hospitality Academy” Дубайдаги машҳур “Queen Elizabeth 2” кемаси бортида фаолият юритувчи касбий таълим муассасаси бўлиб, халқаро круиз кемалари, меҳмонхоналар ва ресторанлар учун малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган. Академияда тингловчилар ошпазлик, меҳмонларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларни эгаллайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси