Logo

Россиянинг Курган вилояти мутасаддилари билан миграция соҳасидаги истиқболдаги вазифалар келишиб олинди

Февраль 02, 2025. 10:30 • 2 дақ

159
Россиянинг Курган вилояти мутасаддилари билан миграция соҳасидаги истиқболдаги вазифалар келишиб олинди

КУРГАН, 2 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси ходимлари амалий сафар билан Россиянинг Курган вилоятида бўлдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Сафар давомида Курган вилояти Меҳнат бандлиги департаментида вилоятнинг Ижтимоий сиёсат департаменти, Миграция бошқармаси, Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш муассасаси каби ташкилотлар раҳбарияти ва салоҳиятли иш берувчилар билан учрашув ўтказилди.

Россия томонига Ўзбекистонда миграция соҳасини тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хориждаги ватандошлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш, юртимиздаги "Мономарказлар" фаолияти ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

Ўзбекистон Президентининг "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида урғу берилди.

Сафар давомида дипломатлар меҳнат миграциясини жадаллаштириш, потенциал иш берувчиларни аниқлаш ҳамда фуқароларимизни қонуний асосда ишга жойлаштириш мақсадида Курган вилоятидаги йирик иш берувчилар –"Синтез" ва "Курганстальмост" заводларида бўлиб, корхоналар раҳбарлари билан музокара ўтказишди.

Учрашувларда меҳнат муҳожирларини жалб этиш бўйича танловларни ташкил этиш, танлаб олинган ишчиларнинг яшаш ва меҳнат шароитлари, иш фаолиятини амалга оширишга рухсат берувчи ҳужжат (патент)ни расмийлаштириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

"Курганстальмост" заводи директори Олег Черняк айни пайтда корхонада 200 та бўш иш ўрини борлигини ва уларга Ўзбекистон фуқароларини жалб қилишда тайёр эканлигини билдирди.

Бош консулхона ходимлари ташриф давомида мазкур заводда ишлаётган юртдошларимиз билан алоҳида учрашув ўтказдилар.

Мулоқот чоғида, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан хорижда ишлаётган ватандошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш