Logo

Россия пойтахтида вақтинча ишлаётган ватандошлар ҳолидан хабар олинди

Август 23, 2025. 14:23 • 2 дақ

54
Россия пойтахтида вақтинча ишлаётган ватандошлар ҳолидан хабар олинди

МОСКВА, 23 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари ва Миграция агентлиги ваколатхонаси вакиллари Москва шаҳрида ишлаётган ҳамюртларимиз билан учрашувлар ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Москва шаҳридаги қурилиш объектларидан бирида меҳнат қилаётган юртдошларимиз билан кечган мулоқот чоғида Россия Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги "Чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақомларини легаллаштириш тўғрисида"ги Фармони бандлари ҳақида маълумот берилди.


Москва шаҳри, Боровицкое кўчасида жойлашган "Альфа Дом" номли ётоқхонада ва Тверская кўчаси 7-уйда яшаётган ватандошларимиз кечган учрашувда ҳам Россиянинг миграция тўғрисидаги қонунларига амал қилиш, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиблари ҳақида сўзлаб берилди.


 Хусусан, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Москва шаҳри ва пойтахт вилоятида визасиз кирувчи чет эллик фуқаролари учун рақамли ҳисобга олиш тизими жорий этилиши, бу тизим орқали мигрантлар махсус мобил иловани ўрнатиши ва геолокация орқали рўйхатдан ўтиши шартлиги айтиб ўтилди. Ўзбекистон расмий вакиллари ватандошларимизнинг яшаш ва меҳнат шароитлари билан ҳам танишдилар.


Ватандош аёллар билан кечган мулоқотда айрим иш берувчилар томонидан 3 ойдан буён иш ҳақи тўланмаётгани маълум қилинди. Вазият юзасидан иш берувчи билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилиб, қарздорликни қисқа муддат ичида бартараф этиш бўйича чоралар кўрилди. Шунингдек, мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган 16 нафар аёл ва бир нафар эркак фуқароларимизга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.


Учрашувлар якунида ватандошларимизга ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича қўшимча маълумот олиш учун телефон рақамлари тақдим этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш