Хорватия пойтахтида оғир тан жароҳати олган ватандошимиз Ўзбекистонга олиб келинди
Апрель 14, 2025. 17:11 • 57 сония
• 309
ЗАГРЕБ, 14 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ходимлари (қароргоҳи Будапешт шаҳрида жойлашган) Хорватияда оғир тан жароҳати олган юртдошимизнинг ватанга қайтишига амалий ёрдам кўрсатишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Элчихона маълумотига кўра, Н.С. 2024 йилда ишлаш учун Загреб шаҳрига келган. Ўтган йил 29 ноябрь куни у йўл транспорт ҳодисаси оқибатида оғир тан жароҳати олган ва Загреб шаҳридаги марказий шифохонага ётқизилган. Бемор ўтган вақт давомида доимий тарзда шифокорлар назоратида бўлди.
Ўзбекистон элчихонаси воқеа содир бўлган дастлабки кунларданоқ вазиятни назоратга олди. Дипломатик миссия шифокорлар ва шифохона вакиллари билан ҳамюртимизнинг аҳволи юзасидан мулоқот қилиб турди. Жабрланувчининг оила аъзолари билан ҳам яқин мулоқот ўрнатилди ва беморнинг аҳволи тўғрисида аниқ маълумотлар тақдим этилди.
Беморнинг мураккаб аҳволи инобатга олиниб, дипломатик ваколатхона ташаббуси билан, Миграция агентлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида юқори малакали тиббиёт мутахассиси Хорватияга олиб келинди.
Барча жалб қилинган тузилмаларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари туфайли Н.С. 11 апрель куни Ўзбекистонга муваффақиятли етказилди. Ватанга етиб келгач, у ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасига жойлаштирилган ва керакли даволанишни давом эттирмоқда.
Элчихона ходимлари саъй-ҳаракатлари билан ҳамюртимизнинг даволаниши учун кетган тўловлар суғурта компанияси ва иш берувчи томонидан қопланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Хорватия ва Сербияда бўлиб турган ёки кетаётган Ўзбекистон фуқаролари диққатига!
Бокуда қийин аҳволга тушиб қолган юртдошимиз ватанга қайтарилди
Ўзбекистон дипломатларининг Канадага ташриф доирасида миграция масалалари муҳокама қилинди