Россиянинг Курган вилоятида ватандошларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва хавфсизлиги муҳокама қилинди
Август 24, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 123
ЕКАТЕРИНБУРГ, 24 август. /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхона ҳамда Меҳнат миграцияси агентлиги вакилларининг Россиянинг Курган вилоятига хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сафар давомида дипломатлар “Курганстальмост” корхонаси раҳбари Олег Черняк билан учрашиб, ҳамюртларимизни ишга жойлаштириш, улар учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Шундан сўнг, корхонада меҳнат фаолиятини олиб бораётган ҳамюртларимиз билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаб келаётган масалаларни ўрганиш ҳамда зарур ҳолларда амалий кўмак кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Россия ҳудудида қонун-қоидаларга қатъий риоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва муносиб хулқ-атвор билан ўзбек халқининг хориждаги ижобий имижини янада мустаҳкамлаш ҳар бир фуқаронинг муҳим вазифаси экани таъкидланди.
Учрашувда диний экстремизм, терроризм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва бошқа жиноий хатти-ҳаракатларга жалб этиш ҳолатлари, хусусан, бундай ҳолатларнинг ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётгани ҳақида тушунтиришлар берилди.
Фуқароларга интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиш, шубҳали таклиф ва чақириқларга алданмаслик, қонунга хилоф ҳаракатларга аралашиб қолмаслик зарурлиги уқтирилди. Бу борада жиноят содир этган ва айни пайтда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган айрим ҳамюртларимиз билан боғлиқ ҳолатлар мисол тариқасида келтирилди.
Ватандошларимизнинг турли ноқонуний хатти-ҳаракатлар қурбонига айланиб қолиш ҳолатлари ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, уларни фирибгарлик ва бошқа жиноий схемаларга жалб этишдан ҳимоя қилиш, ҳар қандай шубҳали таклифларга танқидий ёндашиш бўйича профилактик суҳбат ўтказилди.
Курган вилоятида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ва юртдошларимизни ишга жойлаштиришга кўмаклашаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатлашилди. Учрашувда ватандошлар фаолияти, мавжуд муаммолар ва ҳамюртларимизни иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Россиянинг айрим ҳудудларида кузатилаётган дрон ҳужумлари билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, фуқароларимизни хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга, зарур эҳтиёт чораларини кўришга чақирилди.
Тадбиркор ватандошларга ўз қўл остида ишлаётган ҳамюртларимиз ўртасида хавфсизлик чораларига амал қилиш, турли ноқонуний хатти-ҳаракатларга аралашиб қолишнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш тавсия этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси