Ўзбекистонда “КамАЗ” учун мутахассислар тайёрланади
Август 20, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 30
ТОШКЕНТ, 20 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Миграция агентлиги “КамАЗ” ОАЖга Россия автомобиль заводлари учун мутахассислар тайёрлаш мақсадида республикада Халқаро автомобилсозлик мактабини ташкил этишни таклиф қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Коммерсант” нашрига таяниб.
Ташаббус “КамАЗ” раҳбарияти ва Миграция агентлигининг Навоий вилоятидаги филиали вакиллари иштирокида муҳокама қилинди. Мактаб Хатирчи туманида ташкил этилиши кутилмоқда.
Битирувчиларга Россияда, биринчи навбатда, “КамАЗ” корхоналарида тан олинадиган гувоҳномалар бериш режалаштирилмоқда. Таълимни ўзбекистонлик техникумлар билан ҳамкорликда дуал тизим асосида ташкил этиш мўлжалланаяпти.
Томонлар Ўзбекистон фуқароларини “КамАЗ” корхоналарига хавфсиз ва тартибли равишда ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Миграция агентлиги ва “КамАЗ” ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув 2025 йилнинг март ойида имзоланган. Томонлар Ўзбекистонда мутахассисларни биргаликда танлаб олишни ташкил этишга келишиб олган. Ҳозирда “КамАЗ” корхоналарида 500 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда. Шунингдек, республикада “UzAutoTrailer” негизида “КамАЗ” юк машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси