Саудия Арабистонида ўзбекистонликлар иштирокида янги автохизмат маркази ташкил этилмоқда
Июнь 22, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 131
АР-РИЁЗ, 22 июнь /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси вакиллари Ар-Риёд шаҳрида ватандошлар фаолият юритаётган “Alif Motors” автохизмат кўрсатиш марказига борди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад ҳамюртлар ҳолидан хабар олиш, янги ташкил этилаётган иш ўринлари билан яқиндан танишиш, ҳужжат ишларида кўмаклашиш ҳамда консуллик-ҳуқуқий маслаҳатлар бериш бўлди.
Учрашув чоғида ўзбекистонлик фуқаролар иштирокида янги таъсис этилаётган “Alif Motors” автохизмат кўрсатиш ва ювиш маркази фаолияти билан яқиндан танишилди. Ўз навбатида, элчихона томонидан ушбу марказни очиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш, муносиб ҳамкорлар топиш ҳамда Саудия томонининг тегишли вазирлик ва идоралари билан музокараларда иштирок этиш борасида амалий кўмак кўрсатилгани учун миннатдорлик билдирилди.
Қувонарлиси, “Alif Motors” марказида асосий ишчилар ўзбекистонликлардир. Келажакда ишга қабул қилинадиган ходимларга мамлакатда яшаш учун қонуний ишчи визалари ва иқома, келиш-кетиш авиачипталари, яшаш жойи ва овқатланиш билан боғлиқ харажатлар иш берувчи томонидан қопланади.
Мазкур марказ ҳозирда тест режимида ишламоқда, тегишли ҳужжатларнинг барчаси расмийлаштирилгандан сўнг тахминан сентябрь ойидан бошлаб доимий фаолиятини йўлга қўйиши кутилмоқда.
Ушбу марказда бошланғич босқичда 5 нафар ўзбекистонлик мутахассис фаолият юритса, келгусида ушбу кўрсаткич 20 нафарга етказилиши режалаштирилган. Мамлакатда ўзбекистонлик усталар фаолияти оммалашувига қараб, келажакда марказнинг филиаллари бошқа шаҳарларда ҳам очилиши кўзда тутилмоқда.
Мулоқот давомида Ўзбекистон фуқаролари учун янги иш ўринлари яратаётган тадбиркорлар ва иш берувчиларга тақдим этилаётган имтиёзлар ҳамда бир қатор қулайликлар ҳақида маълумотлар берилди.
“Alif Motors” автохизмат кўрсатиш ва ювиш марказида барча турдаги енгил автомобиллар, асосан “premium” тоифасидаги автомобилларга хизматлар кўрсатиш ишлари амалга оширилиши назарда тутилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси