Ўзбекистон ва БААнинг чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги етакчи холдинги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилмоқда
Август 20, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 94
АБУ-ДАБИ, 20 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Умид Шодиев БААнинг чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги йирик компанияларидан бири — “BEEAH Group” бош директори Холид ал-Ҳураймел билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш, улардан самарали фойдаланиш, замонавий рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш соҳаларидаги амирликнинг илғор тажрибаси атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда “BEEAH Group” томонидан Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга катта қизиқиш билдирилди.
Хусусан, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали саноат учун иккиламчи хом ашё базасини яратиш, “Smart Waste Collection” — чиқиндиларни йиғиш ва ҳаракатини рақамли мониторинг қилиш тизимларини жорий этиш ҳамда “Waste-to-Energy” технологиялари асосида чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш таклиф этилди.
“BEEAH Group” мазкур йўналишларда бой амалий тажрибага эга. Компания Шаржада чиқиндиларни энергияга айлантириш лойиҳасини муваффақиятли амалга ошириб, қайта ишлаш имкони бўлмаган чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш технологиясини жорий этган.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни изчил давом эттириш ва Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини батафсил ўрганишга келишиб олдилар.
Жумладан, яқин вақтда “BEEAH Group” томонидан ҳамкорликнинг эҳтимолий модели бўйича таклифлар тақдим этилиши, август ойи якунига қадар тегишли ташкилотлар иштирокида онлайн музокаралар ўтказилиши ҳамда сентябрь ойининг иккинчи ярмида компания раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилиши режалаштирилган.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда чиқиндиларни бошқариш ва қайта ишлаш тизимини модернизация қилиш, иккиламчи хом ашёдан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда замонавий экологик технологияларни жорий этишга хизмат қилади.
“BEEAH Group” 2007 йилда Шаржа амирлигида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда чиқиндиларни бошқариш ва қайта ишлашдан ташқари, “яшил” технологиялар, тоза энергетика, рақамлаштириш, яшил транспорт ва барқарор шаҳарсозлик йўналишларида фаолият юритувчи кўп тармоқли экологик холдинг ҳисобланади. Компания БААдан ташқари Саудия Арабистони, Миср ва бошқа мамлакатларда ҳам йирик экологик лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси